9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Республика бўйлаб ўтказилган хотирлаш тадбирлари фонида, жумладан, Тошкент шаҳрида ушбу кунга гуёки собиқ Совет давлатининг ғалаба куни сифатида тус беришга уринишлар кузатилди.
Хусусан, Яккасарой туманидаги Биродарлик қабристонида шу кунни Ўзбекистон байроғи остида нишонлаётганлар “Ўлмас полк”чиларнинг қаршилигига учраган бўлса, Чилонзор туманидаги 188-мактаб ўқитувчиси Венера Басалямованинг дарс вақтида ўқувчиларни тадбирга жалб қилгани ва ва шу сабаб ишдан бўшатилгани ҳақидаги хабарлар провакацион талқин қилиниб турли рус тилли манбаларда тарқатилмоқда.
“Миллий тикланиш” партияси лидери Алишер Қодиров мазкур ҳолатга ўз муносабатини билдириб, “боғча ва мактабларда болаларнинг онгостига ўзлигимиз хўрланган совет даврига соғинч, аждодларимизни қирғин қилган империалистик рамзларга муҳаббатни сингдирилиши миллий таҳдид сифатида баҳоланиши зарур”лигини айтади.
“Ўзбекистондаги боғча ва мактаблар фарзандларимизни миллий ва умуминсоний қадриятлар асосида, ўзлигимизга меҳр ва садоқат билан тарбиялаш учун керак, ташқи пропоганда тарғиботи учун эмас. ММТ вазирлигидан бу масалада изоҳ сўралади”, – деб ёзади Қодиров.
У, шунингдек, Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигига “Россотрудничество” фаолиятини таҳлил қилиш ҳақида сўров юборишни режалаштираётганини маълум қилади.
“Нон бериб қўлидан айрилган халқмиз, яхши ниятимиз суистеъмол қилинишига йўл қўйилмаслиги керак”, – дейди (https://t.me/alisherQodir/2578)Алишер Қодиров.