Маълумотларга кўра, бугунги кунда Ер юзининг 80 фоизга яқин катта ёшли аҳолиси оёқлар саломатлиги билан боғлиқ турли муаммолардан азият чекади. Улардан бири микоздир.
Хўш, ушбу хасталикка қандай омиллар сабаб бўлади?
Бу саволга Республика ихтисослаштирилган дерматология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази директори ўринбосари Илҳом Раҳимов жавоб берди.
— Оёқларнинг анатомик нуқсонлари (ясситовонлик ёки бармоқлар ораси бурмаларининг торлиги), жуда тор ва ҳаво ўтказмайдиган синтетик пойабзаллар кийиш, оёқларнинг узоқ вақт ноқулай шароитда бўлиши замбуруғли касаллик ҳисобланган микозлар пайдо бўлиши учун қулай шароит яратади, — дейди мутахассис.
— Оёқ микози билан оғриган беморлар ва замбуруғлар билан зарарланган буюмлар касаллик манбаи ҳисобланади. Хасталик асосан шахсий гигиенага эътибор бермайдиган кишиларда учрайди.
Замбуруғлар бемор оёқ териси пўстли қипиқларида жуда кўп миқдорда бўлади.
Оёқ терлаши, ишлаб чиқариш омилларининг таъсири, қон-томир ва эндокрин тизимида учрайдиган патологик ўзгаришлар, онкологик ҳамда иммунтанқислик билан кечувчи касалликлар оёқ микози ва бошқа замбуруғли хасталиклар ривожланишига қулай шароит туғдиради.
Микоз бошланишида тери қичишади, баъзан қизариши мумкин. Шунингдек, тери қуруқлашиб, қипиқчалар юзага келади ёки сувсирайди ҳамда аниқ чегараланган доғлар пайдо бўлади.
Вақт ўтиши билан касаллик даволанмаса, қўл ёки оёқ тирноқларига ўтиши мумкин. Бунда тирноқ пластинкалари қалинлашиб, уваланади. Ранги ўзгариб, нотекис ҳолга келади. Баъзида эса тирноқ пластинкаси кўчиши мумкин.
Агар хасталик ўз вақтида даволанмаса, йиллаб давом этади ва бу даврда бемор замбуруғ инфекциясини бошқаларга ҳам юқтириши мумкин.
Шу боис ҳар бир киши оёқ-қўллари терисида муаммолар кузатилганда шифокорга мурожаат қилиши лозим.
Айни пайтда замонавий текширувлар орқали тери хасталиклари тезкорлик билан аниқланади. Мутахассис назоратида керакли муолажалар олинса, бемор ҳеч бир асоратсиз дарддан фориғ бўлади.