Зеленский Россиянинг 5 майга ўтар кечаси Украинага берган зарбаларига муносабат билдирди. Полтава вилоятида ушбу ҳужумлар оқибатида тўрт киши ҳалок бўлди. Яна бир киши Харков вилоятида ҳаётдан кўз юмди.
"Тарғибот байрамларини ўтказиш учун сукунат сўраб, 9 майгача бўлган барча кунларда бундай ракета ва дрон зарбаларини бериш — мутлақ пасткашликдир. Россия ҳар куни ўт очишни тўхтатиши мумкин ва бу урушни ҳамда бизнинг жавоб қайтаришимизни тўхтатади. Тинчлик керак ва бунинг учун реал қадамлар лозим. Украина ҳам мос равишда жавоб қайтаради", — дейди Зеленский.
Аввалроқ Россия Мудофаа вазирлиги 8 ва 9 май кунлари учун икки кунлик сукунат эълон қилган эди. Бунга жавобан Зеленский 6 майдан бошлаб "сукунат режими"ни жорий этишини айтди.
"Биз учун инсон ҳаёти ҳар қандай йиллик байрам тантаналаридан кўра чексиз даражада юқори қадриятдир", — дея қўшимча қилди у.