АҚШ Президенти Дональд Трамп Россия Президенти Владимир Путиндан Москванинг Эронни қўллаб-қувватлаётгани ҳақидаги хабарлар бўйича сўраб-суриштиришини маълум қилди, гарчи ўзи бу каби даъволарга ишонмаса-да.
Аввалроқ Трамп Россия ва Хитой етакчилари Владимир Путин ҳамда Си Цзиньпин Эрон билан кечаётган низога аралашмаслигига ишонишини айтган эди. Россия ва Хитой гўёки Эронга тўғридан-тўғри қурол етказиб бераётгани ҳақидаги хабарларни Москва ҳам, Пекин ҳам қатъий рад этиб, уларни «хом хаёл» деб атаган.
«Тез орада буни билиб оламиз. Мен Путиндан бу ҳақда сўрайман», — деди Трамп Москва Теҳронга Форс кўрфазидаги АҚШ ҳарбий базаларининг сунъий йўлдош тасвирларини бераётган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги саволга жавобан.
Трамп бу гап-сўзларни ҳақиқат деб ҳисобламаслигини таъкидлади. Шу билан бирга, АҚШ етакчисининг қўшимча қилишича, бу энди у қадар муҳим эмас, чунки унинг фикрича, АҚШ Эронни аллақачон «тор-мор этган».