АҚШнинг Техас штатидаги Остин полиция департаменти Илон Маскга тегишли Tesla дилерлик марказида бир нечта портловчи мосламалар топилгани ҳақида хабар берди.
Бу ҳақда ABC News телеканали хабар бермоқда.
Полиция 24 март куни эрталаб "шубҳали қурилмалар"ни аниқлаганини ва бомба йўқ қилиш бўйича мутахассислар уларнинг портловчи эканлигини аниқлаб, уларни зарарсизлантиришганини айтди. Ҳеч ким жабрланмаган, тергов давом этмоқда, деди полиция.
Кейинроқ АҚШ Федерал Қидирув Бюроси Teslaга қаратилган инцидентларни бартараф этиш учун махсус гуруҳ тузилганини эълон қилди. "Зўравонлик, вандализм ва маиший терроризм, масалан, Teslaга яқинда уюштирилган ҳужумлар - қонун доирасида тўлиқ жавобгарликка тортилади", деди бюро телеканалига.
Ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбанинг ABCга айтишича, агентлик Tesla дилерлик марказлари, автомашиналари ва зарядлаш стансияларига 48 та ҳужум уюштирилгани ҳақида хабар олган.