Янги Жанубий Уэльс парламенти минтақада ўқотар қуролларни чеклаш ва намойишларни тақиқлашга рухсат берувчи тузатишларни кўриб чиқмоқда.
Бу ҳақда штат бош вазири Крис Миннс маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, агар парламент томонидан маъқулланса, тузатишлар террор рамзларини оммавий намойиш қилишни бутунлай тақиқлайди ва полицияга оммавий йиғилишлар вақтида хавфсизликни таъминлаш учун кенгроқ ваколатлар беради. "Ушбу тузатишлар ўқотар қуроллар қоидаларига энг қаттиқ ўзгартиришларни ҳам ўз ичига олади. Юқори хавфли қуролларга кириш чекланади, уларнинг эгалари учун лицензиялаш, сақлаш ва назорат қилиш қоидалари кучайтирилади", деди Миннс Сиднейда журналистлар билан суҳбатда.
Қайд этилишича, ўқотар қуролларни тартибга солувчи қонунга киритилган ўзгартишлар бир киши учун тўртта қурол чегарасини (10 тадан кўп бўлмаган қуролга эга бўлиши мумкин бўлган профессионал отишмачилар бундан мустасно), лицензияни ҳар икки йилда бир марта янгилаш, камар журналларини тақиқлаш ва қурол эгалари учун қурол клубига мажбурий аъзо бўлиш талабини ўз ичига олади. Норозилик тўғрисидаги қонунларга киритилган ўзгартиришлар Янги Жанубий Уэльс полицияси бошлиғига терактдан кейин уч ой давомида ҳар қандай норозилик намойишларини тақиқлаш, шунингдек, маълум бир ҳудудда ва штат миқёсида кенг кўламли оммавий тадбирларни ўтказишни рад этиш имконини беради.
Қонун лойиҳаси парламент қуйи палатаси томонидан 22 декабрда қабул қилиниши, 23 декабрда эса юқори палата аъзолари томонидан қўллаб-қувватланиши кутилмоқда.