Таниқли драматург Шароф Бошбеков 4 январда 70 ёшга тўлди!
Шароф Бошбеков кимлигини, қанақа асарлар яратганини халқимиз жуда яхши билади. Адибни танитган энг машҳур асари, албатта, «Темир хотин». Ўтган асрнинг 80-йиллари охирида дунёга келган бу асар ўзбек адабиётида ҳам оламшумул воқеа бўлди. Фарғона вилояти театрида қўйилган спектакль халқаро танловда 1-ўринни эгаллаб, ғолиб бўлди.
Дунёнинг 20 дан ортиқ тилларига таржима қилиниб, Россия, Хитой, Польша, Белоруссия, Озарбайжон, Чехословакия каби кўплаб мамлакатлар театрларида саҳналаштирилди.
Адибнинг «Тақдир эшиги», «Эшик қоққан ким бўлди?», «Эски шаҳар гаврошлари», «Шариф ва Маъриф», «Юзсиз», «Тилла бола», «Қасосли дунё» каби асарлари ўтган аср охирида яратилиб, театрларда саҳналаштирилди, киноларга айланди.
«Масҳарабоз» номли фильмга режиссёр ҳам бўлди. «Дока рўмолнинг қуриши» фильми ҳам дунёга келди.
«Чархпалак» деб номланган кўп серияли фильм кинотеатрларда аншлаг билан қўйилди.
Шунингдек, «Тентак фаришталар», «Зўрдан зўр чиқса» пьесалари яратилди. «Ер барибир айланаверади» спектакли Аброр Ҳидоятов номли театрда қўйилмоқда.
Бошқа муаллифлар билан ҳамкорликда яратилган асарлар, публицистик мақолаларнинг ҳисоби йўқ.
Бугунги кунда адиб барча ёзганларини тўпламоқда. Ҳозирча 7 та том тайёр. «Чоп этилмаган асарлар» алоҳида тўпланди. Нашр этадиган нашриёт бўлса бас.
Шароф Бошбеков ҳақиқатни ҳаққоний айтадиган, ҳаётнинг мураккаб жиҳатларини ўта зукколик билан кўра оладиган, ғурури, орияти баланд, довюрак адиб. Унинг ёзганлари юқори лавозимдаги айрим инсонларга ҳар доим ҳам ёқавермайди шекилли, ҳаётида кўп бора турли «тақиқ»ларга учради. 90-йилларда барча спектакллари театрлардан олиб ташланди.
Ҳаттоки «Темир хотин» ҳам тақиқ бўлди. Яқин йилларда телевидениенинг «қора рўйхат»ига ҳам киритилди. Лекин қийинчиликлар, ноҳақликлар иродасини буколмади. Инсульт деган касалликни бошидан кечирган бўлсада, ижодда давом этди.
Яқинда икки шоир: «Шароф Бошбеков халқ ёзувчисими ёки йўқми», деган масалада мурожаат қилди. Улар битта қўчқордан баҳс ўйнашибди. Халқ ёзувчиси унвони йўқлигини айтганимизда негадир иккаласининг ҳам кайфияти тушиб кетди.
Бундан 20 йиллар олдин, Ўзбекистон Қаҳрамони, буюк ёзувчи Саид Аҳмад Шароф Бошбековга қараб: «Сиз ҳалиям «халқ» эмасмисиз?» Яъни, халқ ёзувчиси унвонингиз йўқми деган экан.
Ижодкорнинг мартабасини унвонлар белгиламайди. Шароф Бошбеков аллақачон ўзбек халқининг қалбидан мустаҳкам жой олган. Унинг асарларидаги кўплаб сўзлар, иборалар халқ мақолларига, нақлларга айланиб кетган. Элнинг эъзози, ҳурмати ҳар қандай унвондан юксак.
Биз бу буюк ўзбек драматургини табаррук ёш билан чин дилдан табриклаймиз. Яратгандан мустаҳкам соғлик, метин ирода, куч-ғайрат тилаймиз. Янги, янада юксак асарлар яратишига ишонч билдирамиз.
Фарҳод НОРМАТОВ, журналист