Нидерландиянинг Вейк-ан-Зее шаҳрида шахмат бўйича 2026-йилги Tata Steel Chess турнири давом этмоқда. Ушбу нуфузли мусобақанинг умумий соврин жамғармаси 1,2 миллион АҚШ долларини ташкил этади.
Чемпионатнинг Masters гуруҳи 9-тур ўзбекистонлик гроссмейстерлар — Нодирбек Абдусатторов ва Жавоҳир Синдоров ўзаро баҳс олиб борди. Қизиқарли кечган баҳсда томонлар ўртасидаги беллашувда дуранг қайд этилди. Ушбу натижадан сўнг Абдусатторов 6 очко турнир жадвалида 1-ўринда қолмоқда. Синдоров эса 5,5 очко билан 2-поғонани банд этган.
Абдусатторов 1-турда қора доналарда туркиялик Яғиз Кан Эрдоғмус билан дуранг қайд этган бўлса, 2-турда ҳиндистонлик Праггнанандҳа Рамешбабу устидан ғалаба қозонган. 3-турда яна бир Ҳиндистон вакили Аравиндҳ Читамбарам билан дуранг ўйнаган ва 4-турда оқ доналарда Чехия вакили Нгуен Таи Даи Ванни мағлуб этган. Ўзбекистонлик шахматчи 5-турда қора доналарда АҚШ вакили Ҳанс Ниэманн билан дурангга имзо чекди, 6-турда амалдаги Жаҳон чемпиони Гукеш Доммаражу, 7-турда эса Германиялик Винсент Кеймерни мағлуб этди. Бироқ Нодирбек 8-турда нидерландиялик Аниш Гирига имкониятни бой берди.
Синдоров 1-турда амалдаги Жаҳон чемпиони, ҳиндистонлик Гукеш Доммаражу билан оқ доналарда, 2-турда нидерландиялик Аниш Гирига қарши қора доналарда, 3-турда словениялик Владимир Федосеев билан оқ доналарда дуранг қайд этган, 4-турда эса у қора доналарда германиялик Матиас Блеубаум, 5-турда оқ доналарда туркиялик Яғис Каан Эрдоғмус устидан ғалаба қозонган эди. Ўзбекистонлик шахматчи 6-турда ҳиндистонлик Аравиндҳ Читамбарам, 7-турда АҚШ вакили Ҳанс Ниэманн, 8-турда эса германиялик Винсент Кеймер билан дуранг ўйнади.
Нодирбек Абдусатторов 10-турда словениялик Владимир Федосеевга қарши дона суради. Жавоҳир Синдоров эса нидерландиялик Жорден ван Форест билан ўйнайди. Ушбу беллашувлар 28 январь санасига белгиланган.