Ижтимоий тармоқларда YouTube платформасида фаолият юритувчи таниқли блогер, “Сирожиддин медиа” канали эгаси Сирожиддин Адиловнинг қамоққа олингани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Самарқанд вилояти ИИБга тегишли расмий Телеграм канали ушбу маълумотни тасдиқлади.
Маълум қилинишича, Пастдарғом туманида яшовчи 65 ёшли фуқаро Р.Х. туман ИИБга мурожаат қилиб, С.Адилов уни алдаб пул олгани юзасидан шикоят қилган. Аризачига кўра, 2024 йилда С.Адилов бошқа шахс билан ўртасидаги молиявий масалани ҳал қилиб бериш ва ишни унинг фойдасига ҳал этишни ваъда қилиб, маълум миқдорда пул олган. Бироқ у ваъдасини бажармасдан, шу кунгача аризачини алдаб келган.
Вилоят ИИБнинг маълум қилишича, ушбу ҳолат юзасидан Сирожиддин Адиловга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми (фирибгарлик) ҳамда 211-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган ва у қамоққа олинган.
Ҳозирда мазкур иш юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.