31 май — Бутунжаҳон тамакисиз кун
Тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш инсон саломатлигига нечоғлик зарарли экани хусусида кўп ва хўп гапирилган. Бироқ шунга қарамай, дунё миқёсида бу иллат ёшлар орасида кенг тарқалаётгани ташвишлидир.
🚬 Шу боис жорий йил Бутунжаҳон тамакисиз кун тадбирларининг асосий мақсади соҳа саноати томонидан қўлланилаётган зарарли усуллар ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиш ва бу борадаги саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга қаратилган.
👫 Маълумотларга кўра, дунё бўйлаб 13–15 ёшдаги 37 миллион нафар ўғил-қизлар тамакини у ёки бу шаклда истеъмол қилмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақасида эса 13–15 ёшдаги 11,5 фоиз ўғил болалар ва 10,1 фоиз қизлар тамаки чекади.
🟢Унинг таркибидаги никотин алкоголь ҳамда бошқа психоактив моддалар каби одамда кучли қарамликни келтириб чиқаради. Қолаверса, ўпка, бронх ва нафас йўллари саратонидан ўлим ҳолатларининг 85 фоизи, юрак ишемик касалликлари билан боғлиқ ўлим ҳолатларининг 16 фоизи, сил касаллигидан ўлимнинг 26 фоизи ва қуйи нафас йўллари инфекцияларидан ўлимнинг 24 фоизи тамаки истеъмол қилиш билан боғлиқ.
➡️ Сўнгги вақтларда тамаки саноати ўзининг услубларини айни шароитларга мослаштиришга уриниб, янги истеъмолчиларни жалб этиш ва уларни сақлаб қолишга астойдил интиляпти. Айниқса, ҳид ва таъм берувчи қўшимчалар, мақсадли маркетинг ва алдамчи дизайнлардан кенг фойдаланилмоқда.
🔥 Оқибатда электрон сигареталар, қиздириладиган тамаки маҳсулотлари ва никотинли снюслар ўғил-қизлар орасида оммалашмоқда. Шу боис бундай хавотирли вазият зудлик билан қатъий чоралар кўришни талаб этади.
🗣️ — Юртимизда ёшларни тамаки маҳсулотларининг зараридан ҳимоя қилиш мақсадида қатор комплекс чора-тадбирлар кўрилмоқда, — дейди ССВнинг тамакига қарши курашиш бўйича бош консультанти Ш. Шукуров. — Хусусан, жорий йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан электрон сигареталар муомаласини тақиқлаш бўйича қонун қабул қилиниб, Сенат томонидан маъқулланди.
🌍 Интернет ва ижтимоий тармоқларда ҳамда савдо объектларида тамаки маҳсулотларини реклама қилишга ва сотувини рағбатлантиришга йўл қўймаслик бўйича белгиланган талабларни амалиётда ижро этилиши ўрганилди. Шунингдек, бугун дунёнинг 11 та давлатида, жумладан, Ўзбекистонда ҳам электрон сигареталар рекламаси, сотувини рағбатлантириш ва ҳомийлик қилишнинг ҳар қандай шакллари қонун билан тақиқланган.
👨⚕️ Ҳозир барча ваколатли органлар билан биргаликда тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмасига қарши кескин чоралар кўрилиб, уларнинг зарари тўғрисида аҳолининг хабардорлиги ошириб борилмоқда.
‼️ Шу ўринда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳар қандай тамаки маҳсулотларини чекиш соғлиқ учун хавфли экани ҳақида яна бир бор огоҳлантириб, бу зарарли одатдан йироқ бўлишга чақиради.