Францияда таълим муассасаларида ҳижоб кийиш масаласи атрофидаги баҳслар яна сиёсий кун тартибига чиқди. Ушбу мунозарага қарийб ўттиз йил аввал юз берган ва катта резонансга сабаб бўлган воқеа туртки берган.
Франциялик муҳаррир ва медиа тадқиқотчиси Томас Дельтомбнинг таъкидлашича, 1989 йилда юз берган «Крейлдаги рўмол воқеаси» — ҳижобини синфхонада ечишдан бош тортгани учун уч нафар мактаб ўқувчисининг таълим муассасасидан четлатилиши — узоқ йиллик сиёсий ва ижтимоий мунозараларга асос солган.
Экспертнинг фикрича, 1970–1980-йилларда Франция ОАВси ва сиёсий доираларида «исломлаштирилган қарашлар» шаклланган. Бу жараёнда мусулмонларнинг ўзига хослиги асосан диний кўринишлар билан боғлаб талқин қилина бошлаган. ОАВлар ўртасидаги рақобат ва ўта ўнг кучларнинг таъсири кучайиши эса дастлаб маҳаллий миқёсдаги воқеани бутун мамлакат учун долзарб муаммога айлантирган.
1989 йил ноябрь ойида Франция Давлат кенгаши ўқувчиларнинг диний рамзларни тақиб юриши дунёвийлик тамойилига зид эмаслиги ҳақида қарор чиқарганига қарамай, кейинги ўн йилликларда мамлакат ҳукумати диний рамзлар бўйича қонунчиликни изчил равишда кучайтирди.
2004 йил 15 мартда қабул қилинган қонун давлат мактабларида кўзга ташланадиган диний рамз ва атрибутларни тақишни расман тақиқлади. 2010 йилда эса мамлакат жамоат жойларида юзни тўлиқ ёпиб турувчи кийимларда юришни бутунлай тақиқлади ва бундай ҳолат учун жарима белгилади. Кейинчалик чекловлар ўқувчиларга ҳамроҳлик қилувчи оналарга нисбатан ҳам қўлланила бошланди, 2024 йилда эса Парижда ўтказилган Олимпия ўйинларида франциялик спортчи аёлларнинг ҳижоб кийишига ҳам тақиқ жорий этилди.
Ўнг қанот ва консерватив сиёсий доиралар диний рамзларни изчил чеклашни республикасининг дунёвий асослари ва тенг ҳуқуқлиликни ҳимоя қилиш чораси сифатида баҳоламоқда. Ҳуқуқ ҳимоячилари ҳамда «Тасаввур қилинган ислом» тадқиқоти муаллифи Томас Дельтомб эса буни мусулмонлар жамоасини стигматизация қилиш ва Франциядаги анъанавий дунёвийлик тушунчасининг ўзгариши сифатида кўрмоқда.
Яқинлашиб келаётган президентлик сайловлари фонида ушбу баҳс яна авж олди. «Миллий бирлашув» (Rassemblement National) партияси жамоат жойларида ҳижоб кийишни тўлиқ тақиқлаш масаласини референдумга қўйишга ваъда берди.