Таиланд қироличаси онаси Сирикит узоқ давом этган хасталикдан сўнг 93 ёшида вафот этди. Бу ҳақда қироллик суди маълум қилди, деб ёзади Bangkok Post.
Маълумотларга кўра, у 24 октябрь куни қон инфекцияси сабабли даволанаётган Бангкок касалхонасида вафот этган. Сўнгги йилларда амалдаги қирол Маха Вачиралонгкорннинг онаси Сирикит соғлиғидаги муаммолар туфайли камдан-кам ҳолларда жамоат олдида кўринган, деб хабар берди CNN.
Мамлакатда энг юқори қироллик маросими билан дафн этиш ва бир йиллик мотам эълон қилинди.
Сирикит Таиланд халқи томонидан суюкли маликалардан бири ҳисобланарди. Унинг портретларини мамлакат бўйлаб уйлар, идоралар ва жамоат жойларида кўриш мумкин. Шунингдек, қироличанинг туғилган куни мамлакатда Она куни сифатида нишонланарди.
У ўз ҳаётини қишлоқлардаги қашшоқликни бартараф этиш, миллий анъаналарни асраш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ишларига бағишлаган. Шу билан бирга, у Осиё нафислиги ва латофатининг рамзи сифатида эътироф этилган. Vanity Fair уни “Осиёлик Жеки Кеннеди” деб атаган, Paris Match эса “барча даврларнинг энг гўзал маликаси” деб таърифлаган.
Сирикит Бангкокдаги бой аристократлар оиласидан чиққан бўлиб, 1950 йилда қирол Пхумибол Адульядетга турмушга чиққан. Улар тўрт нафар фарзанд — уч қиз ва бир ўғил тарбиялаб ўстиришган.