2035 йилга бориб бутун дунёда шахсий автомобиллардан фойдаланиш камаяди ва одамлар “самаралироқ, экологик безарар ва қулайроқ” транспорт воситаларини танлайди.
McKinsey консалтинг компанияси илмий ҳисоботи орқали мазкур прогнозни жамоатчиликка тақдим этди.
Айни пайтда энг талаб юқори бўлган транспорт воситаси шахсий автомобиллардир. Бироқ экспертларнинг фикрига кўра, шахсий автомобиллар томонидан амалга ошириладиган юк ташиш улуши 2022 йилдаги 45 фоиздан 2035 йилга келиб 29 фоизга камаяди.
2020 йилда атмосферага чиқарилаётган зарарли ташланмаларнинг 20 фоизи транспорт секторига, энг кўп миқдори эса шахсий автомобиллар ҳиссасига тўғри келади. Статистик маълумотларга кўра, дунёнинг 150 та шаҳри экологик транспорт турларини тарғиб қилиш бўйича чоралар кўрди.
“Бундан ташқари, жамоат транспорти, скутерлар, электрон велосипедлар ва мини-автомобиллар автомашина сотиб олишга имкониятнинг етмаслигидан эмас, балки одамлар уни афзал кўргани учун оммавий транспорт турига айланиши мумкин”, дейилади ҳисоботда.
Бугунги кунда дунё бўйлаб 1,3 миллиард автомобилдан фойдаланилмоқда, уларнинг аксарияти шахсий мулк ҳисобланади.
“Шахсий автомашиналар тирбандликни келтириб чиқаради, чунки улар одатда жамоат транспортига қараганда камроқ йўловчи ташийди. Бироқ ҳозирда жамоат транспортига талабнинг ошгани билан боғлиқ тенденция кузатилмоқда”, дейилади ҳисоботда.
“Одамлар, жумладан, ҳайдовчилар учун тирбандликда рулда бир соат ўтиргандан кўра метрода сайр қилиш ёқимлироқ. Бундан ташқари, мобиль транспортга ўтган респондентларнинг 46 фоизи унинг самарадорлигига ишонч ҳосил қилишган. Шунингдек, респондентларнинг 16 фоизи транспортдан фойдаланиш билан боғлиқ одатларига ўзгартириш киритиш ниятида”, дейилади ҳисоботда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, автомобилларнинг кўплиги ҳайдовчилар учун саёҳатнинг энг ёқимсиз қисми бўлган тирбандликни келтириб чиқаради, деб хабар беради tengrinews.kz.