Бугун 22 декабрь, 2024 йил, якшанба

O'ZB

Тадқиқот: Одамлар янгиликларга қизиқишни йўқотмоқда

Тадқиқот: Одамлар янгиликларга қизиқишни йўқотмоқда

Дунё бўйлаб одамлар янгиликларни томоша қилишдан зерикиш ва тушкунликдан тобора кўпроқ шикоят қилмоқда. Тадқиқот муаллифларининг фикрича, бунга пандемия, Украина ва Яқин Шарқдаги урушлар сабаб бўлиши мумкин.

Дунё бўйлаб тобора кўпроқ одамлар янгиликлар билан танишишдан воз кечиб, зерикиш ва тушкунликдан шикоят қилмоқда. Бу ҳақда душанба, 17 июн куни эълон қилинган Оксфорд университети Журналистикани ўрганиш Рейтер институти (Reuters Institute for the Study of Journalism)нинг Digital News Report 2024 ҳисоботида айтилган.

Январ-феврал ойларида 47 та давлатда ўтказилган сўров натижаларига кўра, респондентларнинг ўн нафардан тўрт нафари (39 фоиз) янгиликларни томоша қилишдан тийилишини билдирган. Бу 2017 йилга нисбатан 10 фоизга кўпдир. Тадқиқот муаллифларига кўра, одамларнинг янгиликлар кун тартибидан узоқлашиш истаги Украина ва Яқин Шарқдаги урушлар билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Ҳисоботда айтилишича, одамларнинг янгиликлардан қочиш истаги энг юқори даражага етган. Бир қатор мамлакатларда, жумладан, АҚШда сайлов жараёнлари янгиликларга қизиқишни оширди, бироқ умумий пасайиш тенденцияси барқарорлигича қолмоқда. 2017 йилдан буён дунё миқёсида янгиликларни жуда яқиндан кузатиб борувчи одамлар улуши 63 фоиздан 47 фоизга камайди. Британияда 2015 йилдан бери янгиликларга қизиқиш деярли икки баробар камайди.

Ёшлар ижтимоий тармоқларни афзал кўряпти

«Шубҳасиз, сўнгги йилларда янгиликлар кун тартиби айниқса мураккаблашди. Пандемия бўлди, урушлар, шунинг учун одамлар руҳий соғлиғини ҳимоя қилиш учунми ёки шунчаки ўз ҳаётини давом эттириш учунми, янгиликдан бош тортиши жуда табиий реакция», деди ВВС медиа-компаниясига берган интервюсида ҳисобот муаллифларидан бири Ник Нюман.

Сўнгги ўн йил ичида телевидение ва босма нашрлар каби анъанавий ахборот манбаларининг аудиторияси кескин камайди. Ёшлар янгиликларни интернет ёки ижтимоий тармоқлар орқали билишни афзал кўради. Британияда сўралганларнинг деярли тўртдан уч қисми (73 фоиз) янгиликларни онлайн, 50 фоизи телевидение ва атиги 14 фоизи босма оммавий ахборот воситаларидан олишини айтди.

TikTok машҳурлиги

Сўнгги пайтларда машҳурлиги пасайиб бораётган бўлса-да, янгиликлар учун энг муҳим ижтимоий платформа Facebook бўлиб қолмоқда. YouTube ва WhatsApp ҳам муҳим янгиликлар манбалари бўлиб турибди. TikTok машҳурлиги эса ўсиб бормоқда ва оммабоплик бўйича биринчи марта X (собиқ Twitter)ни ортда қолдирди. Дунё бўйлаб 18-24 ёшлилар орасида TikTok кўрсаткичи бундан ҳам юқори - 23 фоиз.

Ҳисобот муаллифлари қайд этишича, видео-формат интернетда, айниқса, ёшлар орасида тобора муҳим янгиликлар манбасига айланиб бормоқда. Шу билан бирга, янгиликлар қисқа видеолари тобора жозибали кўриняпти - TikTok ҳам шундай йўналишни афзал кўради.

«Фойдаланувчилар видеони танлайди, чунки ундан фойдаланиш осон ҳамда тегишли ва қизиқарли контентнинг кенг доирасини тақдим этади», деб тушунтирди Ник Нюман.

Киритилди: 12:05 18.06.2024. Ўқилди: 1480 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!