Ижтимоий тармоқларда Қумқўрғон тумани ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимида 90 туп тут дарахти таги билан кесиб ташлангани ҳақида хабар тарқалди. Сурхондарё вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ҳолатни ўрганиб, табиат кушандасини аниқлади.
Ўсувчанлигини йўқотмаган тутларни илгари Қумқўрғон тумани ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимида раҳбар бўлиб ишлаган Қувондиқ Толибов (исм-шариф ўзгартирилди) жорий йилнинг 23 ноябрида маъмурий бинонинг орқа томонида ўсиб турган 89 дона тут ва бир туп гилос дарахтини таг қисмидан ноқонуний кесгани маълум бўлди.
Вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси маълум қилишича, ўзбошимчалик билан содир этилган бу ҳаракат Ўзбекистон Республикасининг “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуни 37-моддаси талабларини бузиб, табиатга 50 миллион 625 минг сўм зарар етказган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қумқўрғон тумани Қорсоқли маҳалласида яшайдиган табиат кушандасига Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 1-қисмига мувофиқ маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 9 миллион 375 минг сўм жарима белгиланди. Шунингдек, кесилган ҳар бир туп дарахт учун 100 тупдан дарахт кўчатини экиб, уни уч йил давомида парваришлаб бериш мажбурияти ҳам юклатилди.