Кеча ҳамюртимиз Светлана Осипова Олимпиада финалида мезбон франциялик спортчи билан баҳслашди. 2-раунд сўнггида Светлана 3 очко олди, аммо ҳакамлар челленждан сўнг, унинг рақибига ҳам 3 очко беришди.
Ҳуқуқшунос ва блогер Хушнуд Худойбердиевнинг ёзишича, француз таэквондочиси зарба берган пайтда таблодаги вақт тугаб бўлган эди.
Жаҳон таэквондо халқаро федерациясининг расмий сайтида эълон қилинган 2024 йил 14 июндаги таэквондо қоидаларининг 10-бўлим 4.5-бандига кўра, бўлимларда вақт ҳакамнинг «Кеу-ман» (стоп) буйруғидан сўнг тўхтайди. Аммо гарчи ҳакам тўхташ буйруғини ҳали бермаган бўлса ҳам, лекин таблода вақт тугаган бўлса, унда вақт тугаган ҳисобланади ҳамда шундан кейин берилган зарбалар ҳисобга олинмайди. Яъни жанг тугагани таблодаги вақтга қараб белгиланади.
Таблодаги вақт тугагач, фақатгина жарима баллари бериш мумкин холос.
"Расмий Низомлардан хулоса қилсак, ҳакамлар Светлана Осиповадан франциялик мезбон спортчи фойдасига ғалабани юлиб олишган кўринади", деб ёзади блогер.