Сингапурда туғилиш кескин камайиб кетганлиги сабабли, мамлакат ҳукумати оилаларга ҳар бир фарзанд учун 55 минг долларгача пул таклиф қилмоқда. Бу ҳақда Financial Times хабар берди.
Мамлакатда туғилиш даражаси тарихий минимумга — ҳар бир аёлга ўртача 0,87 нафар бола тўғри келадиган кўрсаткичга тушиб кетди. Шу туфайли ҳукумат оилаларни қўллаб-қувватлаш чораларини кенгайтиришга мажбур бўлмоқда.
Давлат томонидан оилаларга ҳар бир туғилган чақалоқ учун деярли 70 минг сингапур доллари (тахминан 55 минг АҚШ доллари) миқдорида суюнчи пули бериш кўзда тутилган. Бундан ташқари, янги туғилган чақалоқларнинг ота-оналари учун бериладиган таътил муддати узайтирилиб, уларни уй-жой билан таъминлаш имтиёзлари кучайтирилмоқда.
Демографик инқирозни фақат моддий ёрдам билан ҳал қилиб бўлмайди. Туғилиш камайишига фуқароларнинг кеч оила қуриб, фарзанд кўраётгани, иш жойидаги ортиқча юклама ва ҳаётга бўлган қарашларнинг ўзгаргани каби омиллар сабаб бўлмоқда, деди бош вазир Лоуренс Вонг.
Сингапур меҳнатга лаёқатли аҳоли камайишининг ўрнини қоплаш учун муҳожирларни жалб қилишда давом этмоқчи. Чунки ҳозирда мамлакат аҳолисининг 21 фоиздан кўпроғи — 65 ёшдан ошганлар. Бу кетишда Сингапурга яқин келажакда «жуда кекса» жамиятга айланиб қолиш эҳтимоли хавф солмоқда.