Ўзбекистонда айрим тоифадаги оилаларга суюлтирилган газ сотиб олиш харажатларининг бир қисми давлат томонидан қоплаб берилади. Бу тартиб 2030 йил 1 январга қадар амал қилади.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги маълумотига кўра, компенсация харид қилинган ҳар бир килограмм газ учун 3 минг сўмдан ҳисобланади. Бир ойда кўпи билан 20 килограмм газ учун, яъни 60 минг сўмгача тўлов ажратилади.
Компенсация қуйидаги оилаларга берилади:
Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга;
Реестрда бўлмаса-да, жон бошига ойлик даромади минимал истеъмол харажатларининг икки бараваридан ошмайдиган ва белгиланган мезонларга мос оилаларга;
Етим ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар яшаётган оилаларга.
Компенсация олиш учун Давлат хизматлари марказлари, "Инсон" ижтимоий хизматлар марказлари ёки my.gov.uz портали орқали мурожаат қилиш мумкин.
Маблағ суюлтирилган газ харид қилингани тасдиқлангач, оиланинг ижтимоий картасига ўтказиб берилади.