Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилоятидаги Сариосиё туманида 500 қўй жарликка қулаб, нобуд бўлгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Вилоят ҳокимлиги ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
Жорий йил 23 май куни соат тахминан 21:00 ларда Сариосиё тумани Хуфар маҳалласи ҳудудида жойлашган “Чашмикалак” тепалигида 347 бош қўй жарликка тушиб кетган. Оқибатда 299 бош қўй ва эчки нобуд бўлган, 48 бош қўй ва эчки эса турли даражада жароҳатланган.
Нобуд бўлган қўйларнинг жасадларини жарликдан олиб чиқиш, ёқиб юбориш ёки кўмишнинг имкони бўлмаганлиги сабабли туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими томонидан туман СЭС ходимлари иштирокида шу жойнинг ўзида махсус дори билан 2 марта дориланган. Масъулларнинг изоҳига кўра, дори нобуд бўлган қўйларни 1 ойда чиритиб, йўқ қилиб юборади ва ҳеч қандай касаллик ёки инфекция тарқалишига йўл қўймайди.
Ҳозир мазкур ҳолат юзасидан Сариосиё тумани ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи терговга қадар суриштирув ишларини олиб бормоқда. Текширув натижалари юзасидан қонунчиликка мувофиқ тергов органлари жамоатчиликка қўшимча маълумот беради, дейилган муносабатда.