Суриянинг қирғоқбўйи ҳудудларида яшовчи шиа алавийлар Имом Али ибн Абу Толиб масжидига қилинган ҳужум ортидан норозилик акцияларини ўтказди. Намойишлар Латакия, Жабла, Банияс, Тартус ва Кардаҳа шаҳарларида бўлиб ўтди.
Норозилик намойишлари қатнашчилари алавийларга ўзини-ўзи бошқариш ваколатларини кенгайтириш ва хавфсизлик кафолатлари беришни талаб қилмоқда.
Маҳаллий матбуотнинг хабар беришича, Латакия ва Тартусдаги тартибсизликлар давомида уч киши ҳалок бўлган, ўнлаб одамлар жароҳат олган. Ҳалок бўлганлар орасида хавфсизлик кучлари ходими ҳам бор. 100 дан ортиқ намойишчи қўлга олинган, Латакиядаги Ал-Азҳари майдони атрофидаги ҳудуд эса хавфсизлик кучлари томонидан тўсиб қўйилган.
26 декабр куни Суриянинг Ҳомс шаҳридаги шиалар масжидида юз берган портлаш оқибатида камида 8 киши ҳалок бўлган, ўнлаб инсонлар жароҳатланган эди.