Суриянинг Идлиб вилоятидаги Сармада шаҳри яқинида қурол-яроғ ва уруш қолдиқлари сақланадиган вақтинчалик омборда портлаш содир бўлиб, камида 14 киши ҳалок бўлди, 11 киши яраланди. Бу ҳақда Сурия давлат телевидениеси хабар берди.
Сурия Мудофаа вазирлиги маълум қилишича, қурол-яроғ ва уруш қолдиқлари бошқа жойга кўчирилишидан олдин мазкур ҳудудда вақтинча сақланган. Портлаш оқибатида жароҳатланганлар орасида вазирликнинг айрим ходимлари ҳам бор.
Ҳодиса жойига фуқаролик мудофааси ва ёнғин-қутқарув гуруҳлари юборилган. Бироқ кетма-кет содир бўлган портлашлар ёнғинни ўчириш ишларини қийинлаштирган. Ҳудуддан бир неча соат давомида қуюқ тутун кўтарилиб турган.
Ҳозирча дастлабки портлашга нима сабаб бўлгани расман маълум қилинмаган.
Сурия давлат оммавий ахборот воситалари аввалроқ, 1 сентябрь куни Идлиб вилоятининг Бинниш шаҳрида ўқ-дорилар ортилган транспорт воситаси портлагани ҳақида хабар берган эди. Ўшанда беш киши ҳалок бўлган, бир неча киши жароҳатланган.