Бугун 15 август, 2026 йил, шанба

O'ZB

Суперлига. "Навбаҳор" голлар шоусида "Бунёдкор"ни енгди, "Динамо" "Хоразм" билан баҳсда ғалабани қўлдан чиқарди, "Қизилқум" "Машъал"ни ишончли ҳисобда таслим қилди

Суперлига. "Навбаҳор" голлар шоусида "Бунёдкор"ни енгди, "Динамо" "Хоразм" билан баҳсда ғалабани қўлдан чиқарди, "Қизилқум" "Машъал"ни ишончли ҳисобда таслим қилди

Суперлига 17-тури доирасида 14 август куни яна учта учрашув ўтказилди. "Навбаҳор" ўз майдонида "Бунёдкор"ни етти гол урилган баҳсда мағлуб этган бўлса, "Динамо" ва "Хоразм" ўртасидаги учрашувда ғолиб аниқланмади. "Қизилқум" эса "Машъал" устидан қуруқ ҳисобда ғалаба қозонди.

"Навбаҳор" етти голли ўйинда ғалаба қозонди

Наманганда "Навбаҳор" ҳамда "Бунёдкор" ўртасидаги учрашув турнинг энг сермаҳсул баҳсларидан бирига айланди. Томонлар жами еттита гол урди, якунда мезбонлар 4:3 ҳисобида устун келди.

"Навбаҳор" учрашувни жуда фаол бошлади. 5-дақиқада Муҳаммадали Ғиёсов ҳисобни очди. Орадан 14 дақиқа ўтиб, Ҳусайн Норчаев пеналтини аниқ амалга ошириб, мезбонларнинг устунлигини икки тўпга етказди.

"Бунёдкор" биринчи бўлим якунига қадар голлардан бирига жавоб қайтара олди. 38-дақиқада Сардор Абдунабиев ҳисобни 2:1 кўринишига келтирди.

Иккинчи бўлим бошидаёқ меҳмонлар мувозанатни тиклади. 52-дақиқада Дмитрий Плетнёв гол уриб, ҳисобни 2:2 қилди.

63-дақиқада Диёр Холматов "Навбаҳор"ни яна олдинга олиб чиқди. Аммо бу сафар ҳам наманганликларнинг устунлиги узоққа чўзилмади — 70-дақиқада Фахриддин Муҳаммадов "Бунёдкор"нинг учинчи голини киритди.

Учрашув тақдири асосий вақт якунланишига бир дақиқа қолганида ҳал бўлди. 89-дақиқада "Навбаҳор" фойдасига пеналти белгиланди. Русланбек Жиянов 11 метрлик нуқтадан унумли фойдаланиб, жамоасига 4:3 ҳисобидаги ғалабани тақдим этди.

Ушбу натижадан сўнг "Навбаҳор" очколари сонини 31 тага етказди.

"Навбаҳор" — "Бунёдкор" — 4:3
Голлар:
Муҳаммадали Ғиёсов, 5 (1:0), Ҳусайн Норчаев, 19, пеналти (2:0), Сардор Абдунабиев, 38 (2:1), Дмитрий Плетнёв, 52 (2:2), Диёр Холматов, 63 (3:2), Фахриддин Муҳаммадов, 70 (3:3), Русланбек Жиянов, 89, пеналти (4:3).

"Динамо" ғалабани қўлдан чиқарди

Самарқандда ўтган "Динамо" — "Хоразм" учрашуви 2:2 ҳисобидаги дуранг билан якунланди.

Баҳсда ҳисобни меҳмонлар очди. 41-дақиқада "Хоразм" ярим ҳимоячиси Рустамжон Абдуҳамидов самарқандликлар дарвозасини ишғол қилди. Шу тариқа, урганчликлар танаффусга минимал устунлик билан чиқди.

Иккинчи бўлимда "Динамо" фаолликни оширди ва 63-дақиқада Беҳрузбек Облақулов ҳисобни тенглаштирди.

75-дақиқада захирадан майдонга тушган Жаҳонгирбек Абдусаломов мезбонларнинг иккинчи голига муаллифлик қилиб, "Динамо"ни 2:1 ҳисобида олдинга олиб чиқди.

Бироқ мезбонлар ғалабали ҳисобни сақлаб қола олмади. 80-дақиқада Диёрбек Ортиқбоев "Хоразм"нинг жавоб голини уриб, ҳисобни 2:2 кўринишига келтирди.

Қолган вақт давомида томонларнинг уринишлари натижа бермади ва жамоалар бир очкодан бўлишиб олди.

"Динамо" — "Хоразм" — 2:2
Голлар:
Рустамжон Абдуҳамидов, 41 (0:1), Беҳрузбек Облақулов, 63 (1:1), Жаҳонгирбек Абдусаломов, 75 (2:1), Диёрбек Ортиқбоев, 80 (2:2).

"Қизилқум" барча масалани биринчи бўлимдаёқ ҳал қилди

Навоийда "Қизилқум" "Машъал"ни қабул қилиб, 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди.

Жамшид Саидов бошқарувидаги мезбонлар ҳар икки голни биринчи бўлимда урди. 10-дақиқада Отабек Жўрақўзиев ҳисобни очган бўлса, 34-дақиқада Шаҳзод Раҳматуллаев "Қизилқум"нинг иккинчи голини киритди.

Танаффусдан кейин Сергей Лушчан шогирдлари вазиятни ўзгартириш ва ҳисобни қисқартиришга уринди. Бироқ "Машъал" футболчилари мезбонлар дарвозасига йўл топа олмади.

Натижада "Қизилқум" муҳим уч очкони қўлга киритиб, очколари сонини 20 тага етказди. "Машъал" эса 4 очко билан турнир жадвалининг қуйи қисмида қолмоқда.

"Қизилқум" — "Машъал" — 2:0
Голлар:
Отабек Жўрақўзиев, 10 (1:0), Шаҳзод Раҳматуллаев, 34 (2:0).

Киритилди: 23:21 14.08.2026. Ўқилди: 446 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!