Марказий Осиёда black out: Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида электр энергияси ўчди.
14 август куни кундузи Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг бир қатор ҳудудларида оммавий равишда чироқ ўчди.
Қозоғистонда узилишлар Олмаота шаҳри, Олмаота ва Жетису вилоятлари, шунингдек, Чимкентга таъсир кўрсатди.
Таъкидлаш жоизки, бугун Олмаотанинг Бостандиқ туманида жойлашган Марказий стадионда америкалик рэпер Кане Уэстнинг концерти бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Электр энергиясидаги узилишлар ҳақида Бишкек аҳолиси ҳам хабар берди. "Kaktus Media" маълумотларига кўра, соат 15:00 дан бошлаб Қирғизистон пойтахтининг турли туманлари аҳолиси чироқ ўчиши ва узилишлардан шикоят қила бошлаган.
Шунингдек, Душанбе ва Тожикистоннинг бошқа ҳудудларидан ҳам чироқ ўчгани ҳақида хабарлар келиб тушди. Аҳоли деярли бир вақтда чироқ тўсатдан ўчиб қолганини маълум қилди.
Pressa uz нашрининг ёзишича, Ўзбекистонда аварияга қарши автоматик тизим ишга тушиши оқибатида деярли бутун Сурхондарё вилояти электрсиз қолган. Узилишлар мамлакатнинг бошқа вилоятларидаги айрим туманларда ҳам қайд этилган.