«Бола дунёга келганидан бошлаб, унда айнан мактабгача бўлган ёшда ақлий фаоллик ошади, ахлоқий-эстетик ва жисмоний хислатлар шаклланади. Шу боис ҳам келгуси йилларда мактабгача таълим соҳасини ривожлантириш борасидаги стратегик мақсадимиз – ижтимоий аҳволидан қатъи назар, боғча ёшидаги ҳар бир болани ушбу таълим йўналиши билан тўлиқ қамраб олиш учун зарур шароитларни яратишдан иборат...»[1]. Ушбу мақсадларни рўёбга чиқариш мақсадида 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди[2].
Мактабгача таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар (Наманган, Жиззах, Тошкент, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятлари мисолида) самарадорлиги таҳлил қилинганда қуйидагилар аниқлади:
- 3-6 ёшдаги болаларни мактабгача таълим билан қамраб олишни кенгайтириш чора-тадбирлари бўйича энг самарали натижаларга Жиззах вилоятида (15 фоизга ўсиш) эришилди;
- 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлаш тизими билан қамраб олиш бўйича амалга оширилган ислоҳотлар таҳлил қилинаётган ҳудудлар орасидан Самарқанд вилоятида муваффақиятлироқ амалга оширилди;
- нодавлат мактабгача таълим муассасалари тармоқларини ривожлантириш борасида Тошкент вилоятида энг муваффақиятли натижаларга эришилди, яъни сўнгги 5 йил давомида 167 та янги нодавлат мактабгача таълим муассасаси ташкил этилди.
«Ўзбекистон Республикасида 2030 йилгача мактабгача таълим тизимини ривожлантириш концепцияси»нинг қабул қилиниши соҳадаги ислоҳотларни амалга оширишда ҳуқуқий асосни яратди. Мактабгача таълимни ривожлантиришда ҳудудлар, шаҳар ва қишлоқлар ўртасидаги номутаносибликни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада давлатнинг соҳага давлат-хусусий шериклик асосида хусусий капитални жалб этишни рағбатлантириш[3] сиёсати ҳам имкониятларни кенгайтирмоқда.
Мактабгача таълимга талаб ортмоқда
3-6 ёшдаги болаларни мактабгача таълим билан қамраб олишни кенгайтириш нафақат янги муассасаларни қуриш ва эскиларини таъмирлаш ҳисобига (қўшимча бола ўринларини жорий этиш) балки, ота-оналар орасида мактабгача таълимнинг аҳамияти ҳақида фаол тушунтириш ва ташвиқот ишлари олиб бориш, кам таъминланган оилаларнинг фарзандларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳисобига ҳам эришилди. Бунинг натижасида 2015 йилда юртимизда мактабгача таълим муассасаларида тўла фойдаланилмай қолган ўринлар мавжуд бўлган бўлса (жами республика МТМларидаги бола ўринлари 713060 дона бўлиб, уларга қатновчи болалар сони 620769 нафар), 2020 йилга келиб мактабгача таълим хизматига бўлган талаб сони мавжуд ўринлар сонидан ошди (мос равишда жами 1155731 ўринга 1196421 нафар[4]).
Оилавий МТМ муҳим омил сифатида
Оилавий мактабгача таълим муассасалари сонининг ошиши республиканинг чекка ҳудудлари ҳамда кам таъминланган оилалардаги болаларни ҳам таълимнинг ушбу босқичига жалб қилишини таъминлади. Бу ўз навбатида, вилоятлар, шаҳар ва қишлоқлар ўртасидаги номутаносиблик даражасини камайтиришга салмоқли ҳисса қўшди.
Бешта ҳудуддан (Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё, Наманган ва Тошкент вилоятлари) оилавий МТМларнинг 3-6 ёшли болаларни мактабгача таълим билан қамровини оширишга қўшган ҳиссаси Жиззах вилоятида (15 %) энг кўпроқ бўлса, энг кам улуш Тошкент вилоятида (4,3%) кузатилган. Таъкидлаш жоизки, Тошкент вилоятида қамров даражаси 5 йил аввал ҳам ўртача республика кўрсаткичидан юқори бўлган.
2015 йилда Қашқадарё вилоятида болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш, нафақат танланган ҳудудлар орасида, балки бутун республикада бўйича энг паст (9,9%) даражада эди. 2020 йилга келиб, Қашқадарё вилоятида ушбу кўрсаткич – 3,4, Жиззахда – 4, Наманганда – 3, Самарқандда – 3,1 ва Тошкент вилоятларида – 1,6 баробар ошди. Республиканинг 3 ёшдан 6 ёшгача бўлган жами болаларнинг 43,9 фоизи ушбу ҳудудларда яшайди.
Мобил (кўчма) боғчаларни жорий қилиш
Мақсадли параметрларга эришиш учун мактабгача таълимнинг анъанавий шаклларини ривожлантириш билан бир қаторда, қисқа муддатли, мобил мактабгача таълим гуруҳлари ва бошқа шу каби унинг муқобил шаклларни кенг ривожлантириш ҳам кўзда тутилган.
Мактабгача таълим вазирлигининг маълумотларига кўра[5], янги мобил “Ақлвой” гуруҳлари 2021 йилнинг январь ойида фаолият юрита бошлаган.
Ушбу гуруҳлар болаларни мактабгача таълим билан энг кам қамраб олинган, болалар боғчалари мавжуд бўлмаган чекка ҳудудларда очилиши ҳамда болаларнинг уларга қатнаши текин бўлиши юритиши кўзда тутилган. Мобил гуруҳларнинг тарбиячилари қўшимча малака ошириш курсларида, жумладан, биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича ҳам ўқитилади.
Мактабга тайёргарлик
Хорижий олимлар томонидан инсон капиталига қилинган инвестицияларнинг келажакда энг кўп наф келтирадигани шахс шаклланишининг дастлабки, яъни мактабгача таълим босқичида қилинган инвестициялар экани исботлаган.
Қайд этиш жоизки, ижтимоий-иқтисодий ҳолати пастроқ бўлган оила фарзандларига мактабгача таълим ёшида қилинган инвестициялар, ўзига тўқ оила фарзандларига қилинган инвестицияларга нисбатан кўпроқ фойда келтиради. Сабаби мактабгача таълим боланинг нафақат ижтимоийлашишига кўмаклашади, балки шахснинг интеллектуал қобилиятларини ривожлантиришга асос яратади ва мактабга тайёрлайди. Айнан шу боис мактабгача таълим тизимини ривожлантириш Концепциясида 6 ёшли болаларни 2021-йил якунига келиб, мактабга тайёрлаш тизими билан тўлиқ қамраб олиш мақсадли парамерт қиллиб белгиланган.
2015 йилдан 2020 йилгача таҳлил қилинаётган ҳудудлардан 6 ёшли болаларни мактабга тайёргарлик тизими билан қамраб олиш бўйича Жиззах (қамров 67%), Самарқанд (61,4%) ва Наманган (44,6%) вилоятларида энг яхши натижаларга эришилган. Қашқадарё (22%) ва Тошкент (15,9%) вилоятларида болаларнинг 78% ва 84% мактабга тайёрлов тизими билан қамраб олинмаган.
Дилфуза Ваҳабова, Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти катта илмий ходими
[1] Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга мурожаатномаси 29 декабрь 2020 йил
[2] Ўзбекистон Республикаси Президентининг 30 сентябрь 2017 йилдаги №ПФ-5198 «Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони
[3] Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 апрель 2018 йил №ПҚ-3651 «Мактабгача таълим тизимини янада рағбатлантириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 30 сентябрь 2018 йилдаги №ПҚ-3955 «Мактабгача таълим тизимини бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 30 январь 2020 йилдаги №ПҚ-4581 «Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» Қарори
[4][4] Оилавий мактабгача таълим муассасаларининг кўрсаткичларини қўшмаган ҳолда
[5] https://mdo.uz/ru/mdo-zapuskaet-mobilnye-doo-na-baze-avtobusov-v-novyh-lokacziyah/press-centr/ministry-news/