Бугун 27 ноябрь, 2024 йил, чоршанба

O'ZB

Сулҳ яқинлигига қарамай, Байрут яна бомбардимон қилинмоқда

Сулҳ яқинлигига қарамай, Байрут яна бомбардимон қилинмоқда

Сешанба куни Исроил самолётлари Байрутнинг жанубий туманларига бир қатор йирик зарбалар берди. Бу Ҳизбуллоҳ билан мумкин бўлган сулҳ муҳокама қилинган Исроил вазирлар маҳкамаси йиғилиши бошланишидан олдин содир бўлди. Исроил ҳаво кучлари икки дақиқа ичида Байрут жанубидаги аҳоли зич жойлашган ҳудудлардаги 20 га яқин нишонга ҳужум қилди.

Фаол жанговар ҳаракатларга қарамай, тезда сулҳ битимига умид бор. Ливан ташқи ишлар вазири Абдуллоҳ Боу Ҳабиб ўтган йилдан бери давом этаётган ва минглаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган можарога барҳам берадиган келишувга эришиш мумкинлиги ҳақида эҳтиёткор оптимизм билдирди.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Ливанда зўравонлик авж олганидан хавотир билдирди. Унинг идораси маълум қилишича, Исроил ҳаво ҳужумларида сўнгги кунларда 100 га яқин одам, жумладан аёллар, болалар ва тиббиёт ходимлари ҳалок бўлди.

Сешанба куни Бош вазир Бенямин Нетаняху бошчилигидаги Исроил вазирлар маҳкамаси ўт очишни тўхтатиш келишувини муҳокама қила бошлади. У АҚШ ва Франция президентлари Жо Байден ва Эммануэл Макрон томонидан маъқулланиши ва омма олдида қўллаб-қувватланиши кутилмоқда.

Таклиф этилаётган келишувга кўра, Исроил қўшинлари 60 кун ичида Ливаннинг жанубий ҳудудларини тарк этади ва уларнинг ўрнига камида 5 минг кишилик Ливан армияси жойлаштирилади.

Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Ливандаги уруш 2023 йил октябрь ойидан бери камида 3,799 кишининг ҳаётига зомин бўлди, уларнинг аксарияти охирги 3 ойда.

Киритилди: Бугун 00:47. Ўқилди: 211 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!