Судан суверенитети кенгаши раиси Абдел Фаттоҳ ал-Бурхон АҚШнинг Судан армияси Тезкор ҳаракат кучларига қарши жангларда кимёвий қурол қўллангани ҳақидаги даъволарини текшириш учун миллий қўмита тузишни буюрди.
Судан Ташқи ишлар вазирлиги баёнотига кўра, комиссия таркибига ТИВ, Мудофаа вазирлиги ва Бош разведка хизмати вакиллари киритилган.
"Қарор Суданнинг халқаро мажбуриятлари, хусусан, Кимёвий қуролни тақиқлаш тўғрисидаги шартнома, шунингдек, ҳукумат амал қиладиган шаффофлик тамойилларига мувофиқ қабул қилинди. Биз АҚШ маъмуриятининг айбловларини тан олмаймиз ва зудлик билан тергов ўтказиб, расмий ҳисобот тақдим этиш ниятидамиз", — дейилади ТИВ баёнотида.
22 май куни АҚШ Давлат департаменти ўтган йили РРФ билан жангларда мамлакат армияси кимёвий қурол қўллаганини таъкидлаб, Суданга қарши санксиялар эълон қилди. Қарор ҳақида АҚШ Конгресси хабардор қилинган ва санксиялар 6 июндан кучга киради.
Чекловлар орасида Суданга экспортни тақиқлаш ва АҚШ ҳукумати кредитларига киришни блоклаш киради.
23 май куни Судан ҳукумати кескин баёнот бериб, АҚШнинг айбловларини “ёлғон” ва “асоссиз”, санкцияларнинг ўзини эса “сиёсий шантаж” деб атади.