Бугун 3 ноябрь, 2025 йил, душанба

O'ZB

Судан Давлат вазири: RSF кучлари Эл-Фашер қўлга олинганидан кейинги дастлабки кунларда 300 аёлни ўлдирди

Судан Давлат вазири: RSF кучлари Эл-Фашер қўлга олинганидан кейинги дастлабки кунларда 300 аёлни ўлдирди

Тезкор аралашув кучлари (RSF) Суданнинг Шимолий Дарфур вилояти маркази Эл-Фашер қўлга олинганидан кейинги дастлабки кунларда 300 нафар аёлни ўлдирган.

Бу ҳақда Судан ижтимоий таъминот бўйича давлат вазири Селима Ишоқ “Anadolu” агентлигига маълум қилди.

Ишоқнинг таъкидлашича, Судан армиясига қарши курашаётган ва тинч аҳолига, хусусан Дарфур минтақасида қирғин уюштиришда айбланаётган RSF гуруҳи томонидан жиддий инсон ҳуқуқлари бузилиш ҳолатлари содир этилган.

“RSF Эл-Фашерга кирганидан кейин 48 соат ичида 300 аёл ўлдирилган. Шаҳарда аёллар жинсий зўравонлик, жисмоний тазйиқ ва қийноқларга дучор бўлмоқда. Эл-Фашер аҳолиси доимий террор муҳитида яшашда давом этмоқда: одамлар ҳақоратланмоқда, уриб-сўкилмоқда, қийноққа солинмоқда. Бу ерда содир бўлаётган воқеалар тизимли этник тозалашдан бошқа нарса эмас, халқаро ҳамжамият эса бунга кўз юммокда”, — деди вазир.

Унинг сўзларига кўра, Эл-Фашердан қочиб, қўшни Тавила шаҳрига бошпана излаб борган фуқаролар ҳам хавф остида қолган.

“Бу шаҳарлар орасидаги йўллар ҳақиқий ‘ўлим йўлаклари’га айланган”, — деди у.

Судандаги можаро ва RSFнинг роли

2023 йил 15 апрелдан бери Судан армияси ва RSF қўшинлари ўртасида шиддатли тўқнашувлар давом этмоқда. Можаролар натижасида 14 миллиондан ортиқ одам ўз уйларини ташлаб чиқишга мажбур бўлди.

Судан армияси пойтахт Хартум ва марказий ҳудудлар устидан назоратни тиклаган бўлса, RSF мамлакат ғарбидаги кучларини жамлаган.

RSF Дарфур минтақасидаги беш вилоятдан тўрттасининг марказини назорат қилади ҳамда 2024 йил май ойидан бери Шимолий Дарфур вилоятининг маркази — Эл-Фашерни қамал қилиб, шаҳарга мунтазам ҳужум қилиб келмоқда.

Аввалроқ БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Волкер Тюрк Эл-Фашерда тинч аҳолининг ўлими ва жароҳат олишига оид маълумотларни кескин қоралаган эди. БМТ маълумотларига кўра, фақатгина 5–8 октябр кунлари RSF камида 53 нафар тинч фуқарони ўлдирган ва 60 дан ортиқ одам яраланган.

Киритилди: 14:11 02.11.2025. Ўқилди: 1225 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!