Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2020 йилдаги 24 июлдаги ПФ-6034-сонли фармонида 2021 йил бошидан суд тизимини такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга қаратилган бир қанча муҳим ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар белгиланди.
Жумладан, вилоят даражасидаги фуқаролик, жиноят ва иқтисодий судлар бирлаштирилиб, уларнинг негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ҳолда ягона умумюрисдикция судларини ташкил этиш назарда тутилди.
Бу билан вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг ҳам салоҳияти, ҳам мавқеи ошириладиган бўлди. Ўз ўрнида бу илғор хорижий амалиётга мослашиш йўлида бир қадам. Масалан, Франция, Италия, Канада, Жанубий Корея, Қозоғистон, Беларусь ва бошқаларда ўрта бўғин умумюрисдикция судлари фуқаролик, жиноят ва иқтисодий ишлар бўйича ягона суд сифатида фаолият юритишини кўриш мумкин.
Янги ташкил этиладиган умумюрисдикция судларида ишлайдиган судьялар сонининг оширилиши судда ишларни сифатли ва самарали кўриш механизмини вужудга келтиради.
Маъмурий судлар фаолияти давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шу жумладан маҳаллий ҳокимликларнинг фаолиятида қонунийликни таъминлаш, уларнинг ноқонуний қарорларини бекор қилиш орқали фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ўз вақтида ҳамда самарали тиклашга қаратилган бўлиб, Ўз табиатига кўра жиноят ишларига ўхшаган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилиши маъмурий судларда иш юкламаларини сезиларли равишда камайтиради.
Фармон билан маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судлар ташкил этилиши белгиланди.
Фармонда яна бир муҳим масалага ўрин ажратилган. Бу ҳам бўлса, судларда жиноят ишларини кўриш чоғида ишни суд мажлисида кўришдан аввал, инсон ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тарафларнинг тортишувчанлик тамойилини амалда рўёбга чиқариш мақсадида дастлабки эшитув институти жорий этилмоқда.
Шунингдек, фармонга кўра, прокурор суд жараёнида айбловдан воз кечган тақдирда, реабилитация асосларига кўра жиноят ишини тугатиш мумкин бўлади. Прокурор томонидан тарафлар мурожаати мавжуд бўлган ҳолдагина, суддан ишни ўрганиш учун чақириб олинади. Прокурорнинг фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида ўз ташаббуси билан иштирок этиши чегараланади. Жорий этилаётган тартиб, прокуратура ва суд орасидаги ҳуқуқий-процессуал муносабатларни халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга ҳамда жиноят процесси иштирокчилари ваколатларининг ўзаро мувозанатини таъминлашга хизмат қилади.
Фармонда халқаро тажрибага таянган ҳолда ишни назорат тартибида кўриш институтига барҳам бериш масаласи қўйилган. Хусусан, туманлараро, туман (шаҳар) судларининг қарорларини вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан, вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг биринчи инстанция суди сифатида чиқарган қарорларини эса Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида қайта кўриб чиқиш, апелляция тартибида кўриб чиқилган суд қарорларини Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқиш назарда тутилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича чиқарилган суд қарорларини Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва уларнинг ўринбосарлари протестига кўра кассация тартибида такроран кўриб чиқиш мумкин бўлади. Бундай тартибнинг белгиланиши сўзсиз суд ишларининг очиқлиги, адолатлилиги ва қонунийлиги учун хизмат қилади.
Яна бир муҳим масала, судьялар ва суд ходимларининг моддий таъминоти 2021 йил 1 январдан бошлаб тўлиқ Давлат бюджетига ўтказилиши ва уларнинг иш ҳақи оширилиши белгиланган бўлиб, бу албатта судьяларнинг ва суд ходимларининг мустақиллигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади.
Ҳозирги пайтда судьялар ва суд ходимларининг моддий таъминоти бюджетдан ташқари Суд ҳокимияти органлари фаолиятини ривожлантириш жамғармаси ва бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
Амалдаги тартиб судьялар томонидан ишларни мустақил ва холис кўриб чиқилишига салбий таъсир кўрсатибгина қолмай, халқаро стандартларга ҳам жавоб бермайди.
Фармонда судьялар ва судьяликка даъвогарларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларига ҳам эътибор қаратилган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий малака ҳайъатининг ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари судьялари малака ҳайъатларининг қарорлари устидан Судьялар олий кенгашига шикоят қилиш ҳуқуқини бериш назарда тутилган. Қонунчиликда бундай норманинг бўлиши суд кадрларини танлаш ва жой-жойига қўйишда адолатлилик ва шаффофлик принципларини таъминлайди.
Суд тизимини такомиллаштиришга бағишланган яна бир қатор масалалар жумласида Ўзбекистон Республикаси Олий судида Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик бошқармасининг, вилоят ва унга тенглаштирилган судлар тузилмаларида матбуот хизматларининг ташкил этилиши одил судлов фаолиятининг очиқлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Мазкур фармон билан киритилаётган янги тартиб суд тизимидаги муаммо ва камчиликларни, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этишга, суд қарорларини қайта кўришнинг бир-бирини такрорловчи босқичларини бекор қилишга, томонларга судда тенг имкониятлар даражасида иштирок этиш ваколатини таъминлашга, инвесторлар ҳуқуқларининг ишончли суд ҳимоясида бўлишига эришишга, шунингдек, суд органларининг амалдаги тузилишини замон талаблари ва халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга, очиқлик ва шаффофликка хизмат қилади.
Дилобар Эргашева,
Жиноят ишлари бўйича Томди туман суди раиси