Тошкент туманлараро Иқтисодий судининг 14.12.2020 йилдаги 4-1001-2021/15553-сонли ижро ҳужжатига асосан, қарздор Тошкент давлат стоматология институтидан ундирувчи Турин политехника институти фойдасига 700 млн. сўм миқдорида қарздорлик ундириш ҳақидаги ижро иши мавжуд бўлиб, ижро ҳужжати 25.12.2020 йилда Бюронинг Яшнобод туман бўлими иш юритувида бўлим иш юритувига келиб тушган ва бўлим давлат ижрочиси Х.Алибеков томонидан Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунининг 23-моддасига асосан 101120053839-сонли ижро иши юритиш қўзғатилган.
Олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида мазкур ҳужжатнинг ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 21, 87-моддаларига асосан қарздорга тегишли барча (валюта, махсус, блок ва иккиламчи) ҳисоб варақалар, асосий воситалар рўйхати, дебит кредитор қарздорликни тасдиқловчи ҳужжатлар ўрганилиб, қарздорга берилган ихтиёрий муддатдан сўнг, унга тегишли мол-мулкларга банд солинган.
МИБ туман бўлими томонидан олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари давомида жорий йилнинг 20 январь куни қарздор институтдан ундирувчи Турин политехника институти фойдасига 700 млн. сўм миқдорида қарздорлик тўлиқ ундирилиб, ижро ҳужжати Қонунининг 41-моддасига асосан тамомланган.