Маълумки, жорий йил 5 февраль куни давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг Лойиҳа офисига хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда клиник протокол ва стандартларни халқаро мезонларга мослаштириш топширилган эди.
Мазкур топшириқ ижроси доирасида аҳоли орасида кўп учрайдиган касалликларни даволаш юзасидан 9 та устувор йўналиш бўйича миллий клиник протоколлар ишлаб чиқилиб, ССВнинг 2024 йил 14 июндаги 195-сон буйруғи билан тасдиқланди.
Янги протоколларни йил якунига қадар барча даволаш-профилактика муассасалари амалиётига жорий этиш мақсадида ССВнинг 2024 йил 5 августдаги 257-сон буйруғи билан тиббиёт ходимларини онлайн ва оффлайн форматда босқичма-босқич ўқитиш белгиланди.
Шу мақсадда Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш марказининг ахборот тизими (my.tipme.uz) ва “Электрон таълим” LMS-ахборот тизими ўзаро интеграция қилиниб, 144 кредит (144 соат)дан иборат бўлган умумий малака ошириш курслари ишлаб чиқилди. Ушбу курсни муваффақиятли тамомлаган тингловчиларга берилган сертификат уларга малака тоифалари беришда инобатга олинади.
Тасдиқланган режага кўра, август ойи охиридан барча бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари оилавий шифокорлари ва ҳамширалари платформа орқали ўқитилади.
Ўқув курслари қай тартибда ўтказилади?
Малака ошириш курслари 3 босқичдан иборат бўлиб, ўқув жараёни онлайн (назарий қисм) ва оффлайн (амалий машғулотлар) тарзда олиб борилади.
Биринчи босқичда тингловчилар онлайн тарзда ҳар бир миллий протокол асосида тайёрланган ўқув модуллари бўйича малака курсини ўзлаштиради. Бунда:
тиббиёт ходими дастлаб my.tipme.uz ёки minzdrav.cloudstudy.uz сайтида онлайн рўйхатдан ўтади;
тингловчи рўйхатдан ўтган санадан бошлаб уч ой давомида курсга кириши мумкин;
ҳар бир ўқув модули бошланишидан аввал тингловчининг билим даражаси бошланғич тест назорати асосида баҳоланади;
шундан сўнг тингловчи кетма-кетлик билан онлайн тарзда ўқув модулини ўзлаштиради ва ҳар бир модулдан сўнг оралиқ назорат тестини топширади;
оралиқ назорат натижаси қониқарсиз бўлганда, қайта топшириш учун имконият берилади;
барча ўқув модуллари ўзлаштирилгач, онлайн ўқув курси бўйича якуний тест топширилади, натижа қониқарсиз бўлса, қайта топширишга имконият берилади, якуний тестдан иккинчи маротаба ҳам ўта олмаган тингловчига фақат курсни ўқиганлиги тўғрисида маълумотнома берилади ва у курсни пулли асосда қайта ўқийди;
курсни муваффақиятли якунлаган тингловчига кейинги босқичга ўтиш учун QR-кодли онлайн рухсатнома тақдим этилади.
Тест синовлари қуйидагича баҳоланади:
тўпланган тўғри жавоблар ҳажми умумий тест топшириқлари улушининг 70 фоизи (ҳамширалар учун — 60 фоиз) ва ундан ортиғини ташкил этганда — “ўтди”;
69 фоиз (ҳамширалар учун — 59 фоиз) ва ундан кам натижага эришилганда — “ўтмади” деб баҳоланади.
Иккинчи босқичда:
тингловчилар оффлайн тарзда тегишли амалий кўникмаларни қўллаш бўйича малака ошириш курсини ўзлаштиради, бунинг учун 10 кунгача маҳорат мактаби ташкил этилади;
якунда тингловчи барча модуллар бўйича амалий кўникмаларни ўзлаштирганлик бўйича имтиҳон топшириб, ундан муввафақиятли ўтганларга давлат намунасидаги махсус сертификат топширилади;
ушбу сертификат учинчи босқичга ўтиш учун асос ҳисобланади;
якуний имтиҳондан ўта олмаганларга иккинчи имконият берилади, унда ҳам ўта олмаганларга фақат курсни ўқиганлиги тўғрисида маълумотнома берилади.
Учинчи босқичда:
Mалака ошириш курсини муваффақиятли якунлаган тингловчиларнинг ўзлаштириш даражасини баҳолаш учун ихтиёрий равишда якуний имтиҳон ўтказилади. Бунда:
якуний имтиҳондан муваффақиятли ўтган тингловчилар бир йил давомида амал қиладиган давлат намунасидаги малака сертификатига эга бўлади;
бундай сертификатни олган тиббиёт ходимларининг ҳар ойлик иш ҳақига қўшимча устама белгиланади;
якуний имтиҳон қониқарсиз топширилганда, қайта топшириш учун имконият берилади.