Ижтимоий тармоқларда Китоб тумани «Варганза» маҳалласида бир оиланинг уч нафар аъзосида қутуриш касаллиги аниқлангани ҳақида хабарлар тарқалди.
Мазкур ҳолат юзасидан қуйидагилар маълум қилинади.
Жорий йилнинг 10 июль куни Китоб туманида яшовчи, 1979 йилда туғилган фуқаро хавфли юқумли касаллик гумони билан шифохонага ётқизилган.
Эпидемиологик суриштирув давомида беморни тахминан бир ой аввал тулки боласи тирнагани аниқланган. Афсуски, у жорий йил 11 июль куни вафот этган.
Ҳозирги вақтда вафот этган фуқаронинг ўлим сабаби юзасидан суд-тиббий экспертиза тайинланган.
Шунингдек, мазкур ҳудудда яшовчи уч нафар фуқаро эҳтиёт чораси сифатида тиббий кўрикдан ўтказилди. Уларда қутуриш касаллигининг клиник белгилари аниқланмади. Айни пайтда ушбу фуқаролар шифокорлар назоратига олиниб, зарур профилактик эмлаш тадбирлари амалга оширилмоқда.
Қолаверса, Китоб туманида вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамда ветеринария мутахассислари ҳамкорлигида эпидемиологик вазият тўлиқ назоратга олинган.
Шу ўринда фуқаролардан ортиқча хавотирга берилмасликни, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан эса асоссиз ва текширилмаган маълумотларни тарқатмасликни сўраймиз.