Янги Ўзбекистон тиббиётини дунёнинг ривожланган давлатлари даражасига олиб чиқиш — устувор мақсад. Бунга эришиш учун халқаро стандартларга мос кадрлар зарур. Чунки соҳа трансформациясида илғор ташаббуслар, креатив ёндашувлар, инновацион услубларнинг аҳамияти катта.
📋 Президентимизнинг 2020 йил 3 декабрдаги қарори асосида Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институтининг ташкил этилишидан кўзланган асосий мақсад шу эди.
📌 Яъни бу орқали соғлиқни сақлаш, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги борасида юқори малакага эга олий маълумотли кадрларни тайёрлаш, ходимларни касбий ривожлантириш тизимини такомиллаштириш ҳамда тиббиёт ташкилотлари, жумладан, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларини профессионал мутахассислар билан тўла таъминлаш режалаштирилган эди.
🟢 Ўтган даврда институт жамоаси томонидан бу борада кўламли ишлар амалга оширилди ва салмоқли натижалар қўлга киритилди.
📊 Айни пайтда муассасада 5 та факультет, 29 та кафедра, 9 та бакалавриат йўналиши, 11 та магистратура ҳамда 37 та ординатура мутахассислиги бўлиб, уларда жами 6 мингдан зиёд талабалар таҳсил олмоқда. Уларга 318 нафар юқори малакали профессор-ўқитувчи сабоқ бериб келаётир.
🏢 Институт жамоаси эришаётган ютуқлар ҳақида гапиришдан олдин бунга асос бўлган ташкилий чора-тадбирлар хусусида тўхталиш ўринли. Аввало, институт моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида унинг замонавий қиёфага эга бўлган 2 та кампуси барпо этилди.
☑️ Биринчи кампус таркибидан конференциялар зали, 2 минг ўринли 3 та 4 қаватли ўқув биноси, спорт майдони, симуляция маркази, илмий лаборатория ҳамда ошхона ўрин олган.
✅ Иккинчи кампусни ишга тушириш учун эса 20 миллиард сўмлик маблағ сарфланди. Натижа шунга яраша бўлди. Бугун институт талабалари бу ерда барпо этилган 300 ўринли конференция зали, 3 қаватли ўқув биноси, волейбол, футбол ва баскетбол майдони, 150 кишилик ёзги амфитеатр, шунингдек, 300 ўринли ошхонадан фойдаланиб келмоқда.
🇺🇸 Институтдаги муҳим янгиликлардан яна бири сифатида 2022 — 2023 ўқув йилидан бошлаб АҚШнинг USMLE (United States Medical licencing examination) дастури асосида “Даволаш иши” йўналиши очилганлиги ва унда 3 минг талаба таҳсил олаётганлигини келтириш мумкин.
🔎 Муҳими, институт Ўзбекистон бўйича АҚШнинг қатор ташкилотлари томонидан рўйхатга олинган ва тегишли сертификатларга эга бўлган ҳамда USMLE дастури асосида ўқитаётган ОТМ ҳисобланади. Бу ўқув юрти дипломи АҚШда ҳам тан олинади, деганидир.
🇩🇪 Шунингдек, ушбу муассаса 2024 йил ноябрь ойидан Германиянинг ZAB ташкилоти томонидан Германияда дипломи тан олинадиган олий таълим муассасаси сифатида эътироф этилди. Эндиликда институт битирувчилари дипломи Германияда ҳам тан олинади.
⏩ Бундан ташқари, Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институтида Бирлашган Араб Амирликларининг Gulf medical university ҳамкорлигида “Doctor of medicine” (терапия) мутахассислиги бўйича 4 йиллик магистратура қўшма таълим дастури жорий этилди.
💵 Шунга мувофиқ ҳар йили 100 нафар магистрант БАА томонидан берилган дипломни олиб, Фарғонада ўқийди. Бу йилига қўшимча 500 минг доллар сармоя кириб келади, деганидир.
📚 Институт жамоасининг саъй-ҳаракати билан 3 дарслик, 89 ўқув қўлланмаси ва 67 монография тайёрланиб, чоп этилди.
➡️ Табиийки, олий ўқув юрти талабалари ҳам қолишаётгани йўқ. Улар фан олимпиадаларида ўзларнини кўрсатиб келишаётир. Агар 2021 йилда жами 11 та талаба фан олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритган бўлса, 2022 йили 15, 2023 йили 65, 2024 йили эса 72 нафар талаба халқаро ва республика олимпиадаларида ғалабага эришди.
📆 Ўтган 4 йил мобайнида 10 га яқин Президент ва номдор стипендиялар ғолиблари етишиб чиққани ҳам таҳсинга лойиқ.
‼️ Айтиш жоизки, институтга хорижий талабалар сонидан келиб чиқиб, ҳар йили 5 млн. АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиб келинмоқда ва бу маблағлар олий ўқув юрти салоҳиятини янада юксалтиришга йўналтириляпти.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.