Ҳозирда Ўзбекистон ҳудуди совуқ антициклон таъсирида бўлгани сабабли инверсия ҳодисаси кучайиб, ҳаводаги майда заррачаларнинг муаллақ ҳолда тўпланиб қолиши кузатилмоқда. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Айтилишича, мазкур ҳолат табиий метеорологик жараён бўлиб, ҳавонинг тозаланиш тезлигини пасайтиради. 29 ноябрдан бошлаб антициклон таъсири янада кучайиб, атмосфера босими ошмоқда ва ҳаво ҳарорати пасаймоқда. Натижада кечаси совуқ, кундузи эса кучсиз илиқ об-ҳаво кузатилмоқда. Шу билан бирга, бундай шароитда эрталабки туманлар пайдо бўлиш эҳтимоли юқори.
"Ҳозирги вақтда Ўзбекистон совуқ антициклон таъсирида бўлганлиги сабабли инверсия ҳодисаси кучайиб, ҳаводаги майда заррачаларнинг муаллақ ҳолда йиғилиб қолиши қайд этилмоқда. Мазкур ҳолат табиий метеорологик жараён бўлиб, ҳавонинг тозаланиш тезлигини пасайтиради", - дейилган хабарда.
Шунингдек, махсус комиссия тузган ишчи гуруҳ атмосферага зарарли ташламалар чиқараётган манбаларни аниқлаш ва бартараф этишга қаратилган кучайтирилган рейд тадбирларини давом эттираётгани қайд этилган.