Бугун 20 сентябрь, 2024 йил, жума

O'ZB

Сотилган тақдирлар: инсон ҳаёти ўйинчоқ эмас

Сотилган тақдирлар: инсон ҳаёти ўйинчоқ эмас

Одам савдоси — қулдорликнинг замонавий шакли. Ушбу жиноий фаолият қурбони бўлаётганлар сони, аниқ кўлами аслида номаълум. Статистика дунё бўйича ҳар йили 4,5 миллиондан зиёд киши одам савдоси қурбони бўлаётганини кўрсатади.

Сотилган тақдирлар... Улар орасида қанча аёл, қанча норасида бола, қанчадан-қанча оила бошлиғию боқувчилари бор. Жирканч мақсадларда ўғирланаётган инсонларнинг тақдири, кейинги ҳаёти бутунлай ўзгариб кетади, руҳиятига оғир зарбалар берилади, соғлигига зиён етказилади, кимларнингдир эса ҳаётига нуқта қўйилади.

Одам савдоси энг оғир жиноятлардан биридир. Бугунги кунда жаҳонда одам савдосининг бир қанча турлари тарқалган. Улар орасида фоҳишалик, мажбурий меҳнат ва тана аъзоларини сотиш кенг тарқалган турларидир. Аслида қайси тури бўлмасин, инсонни ўғирлаш ва сотиш, унинг тақдири ва ҳаёти билан ўйнашиш кечириб бўлмас жирканчликдир.

Дунёда бу жирканч жиноятга қарши курашиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Тегишли халқаро ташкилотлар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича зарур чораларни кўрмоқда. Хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бу борада бир қатор тавсиявий ва мажбурий характерга эга бўлган ҳужжатлари қабул қилинган. Аммо шунга қарамай, бугунги кунда одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар камаяётгани йўқ. Энг ачинарлиси, одамфурушликдан жабрланганларнинг 80 фоизи хотин-қизлар ва болалардир.

Мамлакатимизда ҳам одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш масаласига жиддий эътибор қаратиб келинади. Бу борада миллий қонунчилигимизда ҳуқуқий асослар яратилиб, тегишли жазо турлари белгиланган. Жумладан, “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонун ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда одам савдосига қарши курашиш бўйича нормалар белгиланган.

Масалан, “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонунда Одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, одам савдосига қарши курашишга доир фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари, вазирлик ва идораларнинг ваколатлари белгилаб берилган.

Шунингдек, одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича ихтисослаштирилган муассасаларнинг асосий вазифалари кўрсатиб ўтилган. Жумладан, одам савдосидан жабрланганларни, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларни қулай яшаш шароитлари ва шахсий гигиена воситалари билан, озиқ-овқат, дори ва тиббий буюмлар билан таъминлаш, уларга шошилинч тиббий, психологик, ижтимоий, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, хавфсизлигини таъминлаш ҳамда уларнинг қариндошлари билан алоқа ўрнатишига кўмаклашиш кабилар ихтисослаштирилган муассасаларнинг асосий вазифаларидандир.

Одам савдоси жинояти билан шуғулланганлар, албатта, ўз жазосини олиши лозим. Бу борада яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган “Одам савдоси жинояти учун жазо чоралари кучайтирилаётганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддасига ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги қонун муҳим аҳамият касб этади.

Инсонларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузиш билан боғлиқ одам савдоси жинояти учун мутаносиб санкциялар белгиланмагани бу жиноятга қайта қўл урилишига олиб келади. Шу боис, мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига одам савдоси жиноятини содир этганларга нисбатан жазо чораларини кучайтириш билан боғлиқ ўзгартириш киритилди.

— Одам савдосининг ҳар қандай кўринишига қарши курашиш жиддий ёндашувни ҳамда ҳуқуқий асосларни янада мустаҳкамлашни тақозо этади, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Муҳаммаджон Валиев. — Ушбу қонунга кўра, ҳомиладорлиги айбдорга аён бўлган ҳолда, яъни ҳомиладор аёлга нисбатан содир этилган одам савдоси, шунингдек, муқаддам одам ўғирлаш жиноятини содир этган шахслар томонидан одам савдоси жиноятига қайта қўл урилиши, шу билан бирга, фоҳишаликка жалб этиш мақсадида одам ўғирлаш билан шуғулланганларга нисбатан алоҳида нормалар белгиланди.

Қонунда оғирлаштирувчи ҳолат сифатида белгиланган ҳар бир ҳолатга алоҳида тўхталинган. Бу жиноятлар учун амалдаги жазо муддатлари ўзгартирилди.

Ушбу турдаги жиноятлар учун жазо чоралари кучайтирилиб, қилмиш икки шахсдан ортиқ, ожиз аҳволдаги, айбдорга қарам бўлган шахсга нисбатан, такроран ёки хавфли рецидивист, бир гуруҳ шахслар томонидан ва бошқа оғирлаштирувчи ҳолатларда содир этилганда 10 йилгача (амалда 8 йилгача) озодлик маҳрум этиш таклиф этилди. Шунингдек, қилмиш ўғирлаш ва зўрлик ишлатиш орқали, вояга етмаганга нисбатан, одам ўлимига, оғир оқибатларга олиб келса, ўта хавфли рецидивист, уюшган гуруҳ томонидан содир этилган ҳолатларда 15 йилгача (амалда 12 йилгача) озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди. Қонунчиликдаги бу ўзгаришлар одам савдоси жинояти содир этилишининг олдини олишга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга хизмат қилади, албатта.

Дарҳақиқат, инсоннинг ҳуқуқлари, эркинликлари, ҳаёти ва тақдири ҳамма нарсадан устун. Инсон разил кимсаларнинг қўлида овунчоқ бўладиган, кимларнингдир чўнтагини мўмай даромадга тўлдирадиган буюм ёки ўйинчоқ эмас. Шундай экан, одам ўғирлаш ва сотишдек ўта мудҳиш жиноятга қарши курашиш, бу борада ташкилот ва идораларнинг, қолаверса, давлатларнинг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш долзарб аҳамиятга эга.

Киритилди: Бугун 02:11. Ўқилди: 301 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!