Давлат активларини бошқариш агентлиги пойтахтдаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги биносини қайта сотувга қўйди.
Етти қаватли бино Абдулла Қодирий ва Абай кўчалари кесишмасида, Ўрда массиви томонда жойлашган (ёнида “Туронбанк” офиси ва Ёш томошабинлар театри ҳамда Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси биноси бор). Бинонинг умумий майдони 11 725 квадрат метрни, унга туташ ҳудуд эса 0,48 гектарни ташкил этади.
Лотнинг янги бошланғич нархи 187,238 миллиард сўм этиб белгиланган. Аукцион 15 май куни соат 10:00 да бўлиб ўтади.
Лот илк бор 2025 йил ноябрь ойида давлат органлари биноларини хусусийлаштириш тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамаси қарорига мувофиқ савдога қўйилган эди. Декабрь ойида ўтказилган аукционда “Ўзшаҳар Қурилиш Инвест” қурилиш компанияси 182,47 млрд сўмлик таклиф билан ғолиб бўлганди. Ўшанда бино 130,3 млрд сўмлик бошланғич нарх билан сотувга чиқарилган. Лотни бўлиб-бўлиб тўлаш имконият ҳам мавжуд бўлган.
Сотилган ушбу бино нега яна қайта аукционга чиқарилганининг сабаблари ҳозирча маълум эмас.