Бугун 29 октябрь, 2025 йил, чоршанба

O'ZB

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: Болалар орасида тарқалаётган инфекция ҳақидаги хабарлар асоссиз

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: Болалар орасида тарқалаётган инфекция ҳақидаги хабарлар асоссиз

Ижтимоий тармоқларда болалар орасида мавсумий ўткир респиратор вирусли касалликларга ўхшаш, лекин ич кетиш ва қайт қилиш симптомлари бўлган инфекция тарқалаётгани билан боғлиқ хабарлар эълон қилинмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар юзасидан расмий муносабат билдирди.

Сир эмас, ҳаво-томчи йўли орқали юқадиган ўткир респиратор вирусли инфекциялар мавсумий характерга эга бўлиб, кузда ҳарорат пасайиши билан касалланиш кўрсаткичлари бирмунча ортади.

Кузатувларга кўра, шамоллаш мавсумининг бошланиши одатда август ойи охири ва сентябрь ойига тўғри келади. Жорий йилда эса бу муддат бироз кечроқ — октябрь ойининг охирги 10 кунлигида бошланди. Яъни бу ижтимоий тармоқларда айтилаётганидек, ҳеч қандай ғайриодатий ҳолат эмас.

Баъзида респиратор белгилар йўталиш, аксириш, бурун ачишиши, тана ҳарорати кўтарилиши билан кузатилса, айрим беморларда ошқозон-ичак тизимининг бузилиши тарзида намоён бўлади. Демак, бу хасталиклар ҳар доим ҳам бир хил кечмайди ва мазкур ҳолат вируснинг штаммлари билан боғлиқ.

Яна бир муҳим жиҳатни эсдан чиқармаслик керак. Бир пайтнинг ўзида бактериал ва вирусли инфекциялар авж олиши қайд этилмайди. Яъни микроорганизмлар оламида шундай бир жараён борки, бири иккинчисининг кўпайишига йўл қўймайди.

Мавсумий респиратор касалликлар авж олишини коронавирус мутацияси сифатида баҳолаш ҳам мутлақо ўринсиз. Қолаверса, бугунга келиб CОВИД-19 оддий респиратор инфекцияга айланиб улгурган. Ҳозирги пайтда мамлакатимизда коронавирус бўйича вазият барқарор.

Айтиш жоизки, ҳозирда тиббиёт муассасаларида ўткир респиратор вирусли инфекцияларни даволаш учун зарур ўрин-жой ва дори-дармон захиралари яратилган. Юртимиздаги эпидемик вазият мунтазам мониторинг қилиб борилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлигида алоҳида штаб тузилиб, унга Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси вакиллари, соҳа олимлари, тизим мутасаддилари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан оналик ва болаликни муҳофаза қилишга масъул мутахассислар жалб қилинган.

Шу ўринда ота-оналарга касаллик белгилари кузатилган фарзандларини ўз вақтида оилавий шифокор кўригига олиб бориш тавсия этилади.

Умуман, Ўзбекистонда эпидемиологик вазият барқарор. Шу боис ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқ.

Киритилди: 14:34 27.10.2025. Ўқилди: 515 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!