Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев сукунат тўғрисидаги қонун ва ҳукумат қарорига қатъий риоя этишни талаб қилди, унга кўра тўйлар, кўнгилочар тадбирлар, шунингдек, кафе, ресторан ва тунги клублар иши соат 22:00 дан кечиктирмай якунланиши керак.
Унинг таъкидлашича, Вазирлар Маҳкамасининг қарорига қарамай, жойларда унга эътибор берилмаяпти.
«Биз қарор қабул қилдик, лекин у бажарилмаяпти. Буни ўзим билдим - яқинда Бишкекда ҳамкасбим тўй берди ва у ярим тунгача давом этди. Ҳеч ким аралашмади. Жалолободда ҳам соат 00:00 гача тўй ўтказилди ва ҳеч ким ҳеч нарса демади», деди Қамчибек Ташиев.
Унинг сўзларига кўра, ҳужжатда сукунат тўғрисидаги қонун ижросини назорат қилиш маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларига юклатилганлиги аниқ кўрсатилган.
«Маҳаллий ҳокимият раҳбарлари, сиз ёзма топшириқни бажармаяпсиз. Энди расман топшириқ бераман: 22:00 дан кейин ҳамма жойда тўй-томошалар, кафе, ресторан ва тунги клублар фаолияти якунланиши керак. Агар кимдир бўйсунмаса, электрни ўчиринг», деди Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари.
Шунингдек, у соат 22:00 дан кейин ресторанларда ҳар қандай ҳолатда электр энергияси ўчирилишини таъкидлади.