Доҳа шаҳрида халқаро тенденциялар, дипломатик ташаббуслар ва барқарор ривожланиш стратегияларини муҳокама қилиш бўйича етакчи глобал платформа – ҳар йили ўтказиладиган Доһа форуми ўз ишини якунлади. 2002-йилда ташкил этилганидан буён форум жаҳон етакчилари, халқаро ташкилотлар, таҳлилий марказлар ва академик ҳамжамият вакилларини бирлаштирадиган майдонга айланган. 2025-йилда тадбир "Адолат амалда: ваъдалардан тараққиёт сари" мавзусида ўтказилиб, дунёнинг 150 мамлакатида саккиз мингга яқин иштирокчини жамлади.
Форумда тинчликни таъминлаш, минтақавий боғлиқлик ва барқарор ривожланиш масалаларига асосий эътибор қаратилди. Ушбу глобал муҳокамаларда Ўзбекистон томонидан илгари сурилган ва Афғонистонни фаол жалб этиш орқали Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликнинг янги тизимини шакллантиришга қаратилган ташаббус – Термиз мулоқотига бағишланган махсус сессия алоҳида аҳамият касб этди.
Сессия Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) ҳамда Қатардаги Жоржтаун университети филиалидаги Халқаро ва минтақавий тадқиқотлар маркази билан ҳамкорликда ўтказилди.
Муҳокамаларда СМТИ директори Элдор Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев, Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази директори Абдул Ҳай Қанит, Қатар ташқи ишлар вазирининг махсус вакили Файсал Абдулла Ал-Ҳанзаб, шунингдек, Қатардаги Жоржтаун университети тарих фани профессори Валид Зиад иштирок этди. Сессияни Халқаро ва минтақавий тадқиқотлар маркази директори Захра Бабар олиб борди.
Тадбирда сўзга чиққан СМТИ директори Э.Арипов бундай нуфузли платформа доирасида тадбирнинг ўтказилиши Ўзбекистоннинг трансминтақавий жараёнларнинг ташаббускори ва ҳаракатлантирувчи кучи сифатидаги тобора ўсиб бораётган ролининг эътирофи эканлигини таъкидлади. Унинг айтишича, халқаро ҳамжамиятнинг Термиз мулоқотига бўлган эътибори Афғонистоннинг конструктив иштирокисиз Марказий ва Жанубий Осиёда тинчлик, хавфсизлик ва иқтисодий ривожланишнинг барқарор тизимини шакллантириб бўлмаслигини англатади.
Э.Арипов форум ташкилотчиларига чуқур миннатдорчилик билдириб, сўнгги йилларда Афғонистон масаласидаги дипломатияда асосий воситачилардан бирига айланган Қатарнинг ролини алоҳида таъкидлади. Унинг айтишича, Қатар майдони сиёсатдан холи, профессионал ва очиқ мулоқот учун ўзига хос муҳит яратади.
Институт директори ташаббуснинг моҳияти ҳақида гапирар экан, Термиз мулоқоти нафақат эксперт платформаси, балки Афғонистонда халқаро иштироқнинг янги фалсафасини шакллантирувчи стратегик концепция эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ушбу фалсафа Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташқи сиёсатдаги асосий ёндашувига асосланади: барқарорликка босим ва изоляция орқали эмас, балки ривожланиш, ўзаро боғлиқлик ва ҳамкорлик орқали эришилади. Термиз мулоқоти иш ўринлари, транспорт йўлаклари, таълим имкониятлари, гуманитар йўналишлар ва узоқ муддатли иқтисодий рағбатлар яратилган жойда тинчлик мустаҳкамланади, деган қарашдан келиб чиқади.
Э.Арипов сўнгги йилларда Афғонистон бўйича прагматик, иқтисодиётга асосланган қарорларга эътибор қаратир экан, Ўзбекистон бу йўналишда халқаро кун тартибини ўзгартиришга салмоқли ҳисса қўшганини таъкидлади. Ўзбекистоннинг "Айритом" халқаро савдо марказини ташкил этишдан БМТнинг гуманитар хабини ишга тушириш ва таълим дастурларигача бўлган ташаббуслари минтақавий масъулиятга асосланган амалий ёндашувнинг самарадорлигини кўрсатди. "Бу Афғонистоннинг ривожланиши бутун Марказий Осиё – Жанубий Осиё макроминтақасининг хавфсизлиги ва барқарор ўсишининг асосий омили эканлиги ҳақида умумий тушунчани шакллантириш имконини берди", – деди у.
Термизни мулоқот маркази сифатида танланганига маърузачи алоҳида эътибор қаратди. У Термизни цивилизациялар тарихий чоррахаси, стратегик транспорт тугун нуқтаси ва иқтисодий ҳамкорлик учун замонавий майдон эканлигини таъкидлаб ўтди.
Э.Арипов ўз нутқида ташаббуснинг стратегик мақсади – Афғонистон табиий боғловчи бўғин ролини ўйнайдиган "Марказий Осиё – Жанубий Осиё" ўзаро боғлиқлигининг кенг маконини яратиш эканини қайд этди. Унинг таъкидлашича, глобал нотинчлик ва геосиёсий парчаланиш шароитида айнан ўзаро боғлиқлик барқарорликнинг янги манбаи ва ўзига хос "тинчликка сармоя"га айланмоқда. Минтақавий транспорт йўлакларини ривожлантириш, тартиб-таомилларни уйғунлаштириш, савдо оқимларини рақамлаштириш, таълим ва энергетика лойиҳаларининг синергияси ушбу макроминтақани Евроосиёнинг асосий ўсиш маконларидан бирига айлантиришга қодир.
Элдор Ариповнинг маълум қилишича, Термиз мулоқотининг навбатдаги йиғилиши келаси йилнинг баҳорида ўтказилиши режалаштирилган. У Ўзбекистон доимий эксперт-дипломатик ҳамкорликни ривожлантириш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштиришда давом этишини таъкидлади. Кейинги қадам сифатида соҳа мутахассислари ўртасида мунтазам фикр алмашиш ва аниқ натижаларга тез эришишга қаратилган амалий тавсияларни шакллантириш имконини берувчи "Афғонистон – Марказий Осиё" ихтисослаштирилган эксперт йўналишини ишга тушириш кўриб чиқилмоқда.
Сўзининг якунида СМТИ директори барча манфаатдор ҳамкорларни Термизга ташриф буюришга ва Термиз мулоқотининг бир қисми бўлишга таклиф қилиб, "бугунги кунда ушбу ташаббус наfaqat жараён, балки очиқлик, ўзаро манфаатдорлик ва минтақa давлатларининг ўз умумий келажаги учун масъулиятига асосланган дунёнинг стратегик кўриниши" эканлигини таъкидлади.
Ўз навбатида, Афғонистон томони Ўзбекистоннинг минтақада узоқ муддатли хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.
"Ўзбекистон хавфсизлик масалаларини сиёсийлаштиришга эмас, балки иқтисодий мулоқот ва минтақавий алоқаларга жалб этишга асосланган конструктив ва Кобул учун энг мақбул ёндашувни намоён этди", – дейди Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази директори Абдул Ҳай Қанит. Унинг сўзларига кўра, бу савдо ва транзит алоқаларининг ривожланишига ҳамда одамлар ўртасидаги муносабатларнинг кенгайишига хизмат қилди.
Афғонистонлик дипломатнинг таъкидлашича, "Афғонистоннинг ҳозирги ташқи сиёсий концепцияси халқаро ҳамжамият билан иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва минтақавий алоқаларга қўшилишга қаратилган."
Қатар ташқи ишлар вазирининг махсус вакили Файсал бин Абдулла ал-Ҳанзаб ҳам Ўзбекистоннинг Афғонистон ва жаҳон ҳамжамияти ўртасидаги ўзаро алоқа каналларини сақлаб қолишга қаратилган ташаббусларини қўллаб-қувватлашини билдирди.
Давлатларнинг ўзаро боғлиқлик ва минтақалараро интеграцияни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга хизмат қиладиган Термиз мулоқотининг аҳамияти алоҳида таъкидланди.
Жоржтаун университети профессори Валид Зиад ушбу нуқтаи назарни қўллаб-қувватлаб, Марказий ва Жанубий Осиё тарихан ягона маданий, иқтисодий ва интеллектуал ўзаро боғлиқлик макони бўлиб, унинг марказида Афғонистон турганини таъкидлади.
Шу муносабат билан, унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Президентининг конструктив минтақавий сиёсати ушбу йўқолган боғлиқликни тиклаш учун имкониятлар эшигини очди. У Ўзбекистоннинг Афғонистонни асосан можаролар ва хавф-хатарлар нуқтаи назаридан кўриб чиқадиган эскирган геосиёсий андозалардан воз кечиш позициясига алоҳида эътибор қаратди. Унинг таъкидлашича, минтақанинг узоқ муддатли барқарорлиги Афғонистонни минтақавий жараёнларнинг тўлақонли иштирокчиси сифатида тан олишни ҳамда инсонпарварлик, таълим ва маданий соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтиришни талаб этади.