Швейцария қурол реэкспортига қўйилган тақиқни олиб ташлашни қўллаб-қувватлайди
Швейцария Давлатлар кенгаши (парламентнинг кичик палатаси) ҳарбий можаро зоналарига қурол-яроғларни реэкспорт қилиш тақиқини бекор қилиш таклифини қўллаб-қувватлади.
Бу ҳақда мамлакат парламенти сайтидаги хабарда айтилган.
Энди бу масала бўйича Миллий кенгаш (парламентнинг йирик палатаси) депутатлари овоз бериши керак.
Ушбу қарорга кўра, НАТО мамлакатларига қурол-яроғ экспорт қилишга "принцип жиҳатдан рухсат этилади", фавқулодда ҳолатлар ва "Швейцариянинг ташқи сиёсати ёки сиёсий манфаатларига зид келадиган" ҳоллар бундан мустасно.
Бундан ташқари, иттифоқ мамлакатлари "қабул қилинган ҳарбий техникани Швейцариянинг розилигисиз бошқа давлатларга ўтказиши мумкин". Қайд этилишича, кенгашнинг 31 нафар депутати “Ҳарбий материаллар билан таъминлаш тўғрисида”ги қонунга тегишли ўзгартиришлар киритиш учун овоз берган, 11 нафари қарши, бир нафари бетараф бўлган.
Neue Zürcher Zeitung газетасининг ёзишича, бу Швейцарияда ишлаб чиқарилган қурол-яроғлар экспортига қўйилган чекловларнинг “НАТОга ҳужум қилинган тақдирда” олиб ташланиши ҳақида кетмоқда. Енгиллик 25 та давлатга, асосан Европага, шунингдек, АҚШ ва Янги Зеландияга таъсир қилади. Газетанинг таъкидлашича, қонунчилик Швейцария ҳарбий-саноат комплекси фаолиятини давом эттириш имкониятини таъминлаш учун ўзгартирилмоқда.