Кўпларнинг тасаввури шундай: вояга етмаган фарзандларининг таъминоти учун тўламаётган оталар оз эмас, бироқ болалари учун суд тартибида алимент тўлашга мажбурланган оналар ҳам борлиги амалиётда йўқ даражада бўлса керак.
Йўқ, бор экан.
2019 йилда фуқаролик ишлари бўйича Яккабоғ туманлараро суди томонидан қарздор она Н.дан ундирувчи собиқ турмуш Ў.М.нинг фойдасига уч нафар фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш тўғрисида суд буйруғи чиқарилди. Унинг ижроси, табиийки, Мажбурий ижро бюросининг Яккабоғ туман бўлимига юклатилди.
Суд буйруғи ижроси-ку, тўла-тўкис амалга оширилди-я... Яъники, қарздор онадан (15.04.2017 йилдан 2019 йилнинг шу даврига қадар) жами 16 млн. сўм алимент ундириб берилди. Бироқ масаланинг маънавий-ахлоқий жиҳатлари одамни ўйлантиради-да.
Қисмати шу экан: Н. ўртада уч нафар фарзанд борлигига қарамай турмушидан ажралди. Хўп, буни тақдирга йўйдик. Бироқ у барча оналардек фарзандлари ўзида қолиши учун жон-жаҳд билан курашмади. Россияга ке-етди...
Эри ёмондир-да? Бировнинг яхши-ёмонлиги хусусида фол очмайлик-да, жавобни вазиятнинг ўзидан қидирсак: норасида болалар ёмон ота қарамоғида қолдириладими? Бунга қариндош-уруғларни-ку қўйинг, давлат йўл қўйиши мумкинми?
Бюронинг туман бўлимига отаси билан келган уч нафар бола ҳаттоки онасининг юзига қарамаганига нима дейсиз?!
Шунинг ўзи кўп нарсаларга далолат қилмаяптими?
Тилингизнинг учида яна бир савол турибди-а: отанинг эркак деган номи бор, собиқ хотин берадиган алиментга қараб қолибдими?
Отанинг моддий ва жисмоний имкониятлари ҳақида билмай туриб бу саволга жавоб бермоқ қийин. Биз ҳам масаланинг айни жиҳатига эътибор қаратиб, ўзганинг шахсий ҳаётига чуқурроқ кириш ниятидан йироқмиз. Модомики, масала суд тартибида ҳал этилибдими, демак, қонун наинки ота, ҳатто онани ҳам алимент тўлашга мажбур этади. Унинг мажбуриятини суд орқали бўйнига қўйиш отанинг ҳуқуқи. Ўз ҳуқуқидан фойдаланган фуқаро хатти-ҳаракатидан энса қотиш мумкиндир балки, бироқ айблашга қонуний асос ҳам йўқ-да.