Шри-Ланка сўнгги йиллардаги энг оғир денге иситмаси авж олиши билан курашмоқда. Расмий маълумотларга кўра, йил бошидан бери мамлакатда 44 мингдан ортиқ касалланиш ҳолати қайд этилган, 28 киши вафот этган.
Денге — вирусли касаллик бўлиб, асосан чивинлар орқали юқади. У Жануби-Шарқий Осиё, Тинч океани ҳудуди, Марказий ва Жанубий Америка ҳамда Африка мамлакатларида кенг тарқалган.
Расмийлар касаллик кўпайишини ўтган йил ноябрь ойида оролга зарба берган «Дитва» циклон оқибатлари билан боғламоқда. Тўпланган чиқиндилар ва сув босган ҳудудлар чивинлар кўпайиши учун қулай шароит яратган.
Мутахассисларни касалланиш суръатининг тез ўсиши хавотирга солмоқда. Июн ойининг дастлабки икки ҳафтасида 10 638 та янги ҳолат қайд этилган бўлса, апрель ойида бу кўрсаткич 5651 тани ташкил этган.
Энг оғир вазият ғарбий ҳудудларда кузатилмоқда. Барча ҳолатларнинг ярмидан кўпи шу ерга тўғри келади, пойтахт Коломбода эса 9429 та касалланиш қайд этилган.
Расмийлар касаллик тарқалиши 2019 йилдаги рекорд кўрсаткичга яқинлашишидан хавотирда. Ўша йили 105 мингдан ортиқ киши денге вирусини юқтирган эди. Ҳукумат вазиятни назорат қилиш учун мамлакат бўйлаб кенг кўламли тозалаш ишларини бошлади.