Бугун 27 декабрь, 2024 йил, жума

O'ZB

“Шимпанзе парадокси” ва ҳиссиётларни бошқариш ҳақида

“Шимпанзе парадокси” ва ҳиссиётларни бошқариш ҳақида

ХХI асрда инсоният эришаётган фан ва технологиядаги мисли кўрилмаган янги кашфиётлар ва ихтиролар билан билан бир қаторда, башарият ўзини ҳам кенгроқ ва чуқурроқ ўрганишга ва танишга катта қадам ташламоқда деб айтсак муболаға бўлмайди.

Бугун ривожланган ва ривожланаётган мамлакатларда замонавий психология инсонларнинг руҳияти, хулқ-атвори ва ўзаро муносабатларини ўрганиш орқали ҳаёт ташвишларига ва кундалик ҳаётда инсонлар ўртасида учрайдиган муаммоли вазиятларга янада аниқроқ ва теран фикр билан қараш имкониятини яратмоқда деб айтиш учун асослар мавжуд.

Ҳаёт давом этар экан, инсонлар турли хил қарама қаршиликлар, кутилмаган вазиятлар ва ечими топилиши қийин бўлган муаммолар билан бир қаторда, одатий кундалик тарзида ҳам жуда кичик бўлиб кўринсада, доимий ҳаёт тарзига халақит бериши мумкин бўлган ҳолатларга дуч келади. Бу табиий ҳол албатта. Чунки, бир инсонда ҳаёт бир текисда силлиқ кечиши ва давом этиши ҳеч ким томонидан кафолатланмаган. Шундай экан, бундай ҳолатларда инсонниннг ўзини тутиши ва атрофида юз бераётган ва унга боғлиқ бўлмаган ҳолда вужудга келадиган ҳолатларга муносабат билдириши муҳим аҳамиятга эга. Муносабат билдирган тақдирда ҳам, албатта, биринчи навбатда ўзига ва атрофдагиларга зарар етказмаган ҳолда, ўзини муносиб ифода эта олиши зарур ҳисобланади.

Маълумки, биз инсонларда ақл-идрокдан ташқари, яшашимиз, бошқа инсонлар билан турли масалаларда муносабатларга киришишимиз ва қарор қабул қилишимизга бевосита таъсир кўрсатувчи таассуротлар ва ҳиссиётлар ҳам мувжудки, турмуш ташвишлари давомида улар билан ҳисоблашмасликнинг иложи йўқ. Аксинча, кўп ҳолларда ва энг ачинарлиси ўта муҳим бўлган қарорларни қабул қилишимизда ҳиссиётларга таянишимиз бир текисда давом этиши кутилаётган ҳаётимизни бутунлай издан чиқариши ёки бўлмаса йиллар давомида ўз меҳнатимиз орқали эришган обрў-эътиборимизни ёки биз учун қадрли бўлган инсонларимизни йўқотишимиз мумкин.

Шу боисдан ҳам, ҳозирги кунда Ғарб давлатларида замонавий психологияни чуқурроқ ўрганишга ва турли тадқиқотлар ҳамда изланишлар олиб бришга катта эътибор қаратилмоқда. Ушбу тадқиқотлар ва изланишларнинг натижаларидан имкон қадар бохабар бўлиш орқали ўзимизга ташқаридан назар солишни ва турмуш йўлларида учрайдиган инсонлар билан муносабатларда ва вазиятларга холис баҳо беришни ўргана олсак, қайсидир маънода кўзлаган мақсадларимизга тезроқ ва осонроқ етишишимиз муқаррар.

Шу ўринда, Британиялик профессор, амалиётчи психиатр ва психолог Стив Питерс томонидан ақл-идрок ва ҳиссиётлар ўртасидаги боғлиқлик борасида олиб борилган тадқиқотларни ўрганиш муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, С.Питерс ўзининг “Шимпанзе парадокси. Мия менежменти” деган китобида бу масалани жуда содда тилда тушунтириб беришга ҳаракат қилган.

Профессор китобхонларга тушунарли бўлиши учун инсон миясини шартли равишда қисмларга ажратиб кўрсатар экан, у ерда ақл ва идрокка таяниб иш кўрадиган “Инсон” ҳамда ҳиссиётлар ва таассуротларга асосланадиган “Шимпанзе” мавжуд деб таъкидлайди.

С.Питерс томонидан илгари сурилган ушбу қараш бизга атрофимизда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга муносабатимизни кўрсатишда қулай йўриқнома бўлиб хизмат қилади. С. Питерс фикрига кўра, мияда “Инсон” ва “Шимпанзе” туғилгандан бошлаб мавжуд бўлади ва улар бир-биридан алоҳида мустақил ҳолда ривожланади ҳамда инсоннинг бутун ҳаёти давомида унинг ҳаракатларига, хулқ атворига ва қабул қиладиган қарорларига қайсидир кўпроқ ва қайсидир камроқ ҳолда ўз таъсирини ўтказиб келади. Энг аҳамиятли нуқта шундаки, биз “Шимпанзе” борлигини инкор эта олмаймиз ва биз унинг табиатини ўзгартира олмаймиз. Бизнинг қўлимиздан келадигани имкон қадар уни бошқаришга ҳаракат қилишимиз лозим. Шу ўринда профессор бу ҳолатни янада осонроқ тушунтириш учун буни “ити бор одамнинг ҳаракатларига яъни, итнинг эгаси ҳайвоннинг табиатига эмас, балки унинг бошқаларга зарар етказмаслиги учун уни бошқаришга масъуллигини” таъкидлайди.

Демак, атрофимизда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга муносабатни ифодалашда бизнинг олдимизда ҳар доим иккита асосий маслаҳатчи “Инсон” ва “Шимпанзе” туради. Қайси биридан маслаҳат олиш ва амал қилиш эса шу пайтгача эришган ҳаётий тажрибамиз, турли соҳаларда олган билимларимиз ва инсонлар билан олиб борган муносабатларимиздаги кўникмаларга ҳам боғлиқ.

Бизнинг миямиздаги “Шимпанзе” ҳиссиётларга асосланиб фикрлайди ва шунга муносиб равишда хулосалар тақдим этади. “Инсон” эса аксинча мантиққа таянади ва фактлар ҳамда ҳақиқатларга асосланиб фикр юритади.

Афсуски, кўп ҳолларда мантиқан фикр юритиш ва фактларга асосланиб мулоҳаза қилиш имкониятини қўлдан бой берамиз. Табиатан гоҳида ҳисларимиз ва ҳиссиётларимиз устунлик қиладиган чоғлар учраб туради. Инсонларнинг ўзи хохламаган ҳаракатларни бажаришга мажбур бўлиши ёки салбий ҳиссиётларни ўзидан кечириш ҳолатида “Шимпанзе” бу вазиятда устунлик қилаётгани таъкидланади. Ушбу ҳолатни янада аниқроқ тасаввур қилиш учун қуйидаги мисолни кўришимиз мумкин. Масалан, эрталаб ишга шошилиб чиққанингизда ҳовлидаги автотураргоҳда кимдир автомашинаси орқали сизнинг автомашинангиз йўлини тўсиб қўйган бўлса, сизга дарҳол “Шимпанзе” ёрдам келади ва қуйидаги кўринишдаги хулосаларни тақдим қилади: “Нега бу одам бундай қилди?”, “Нега мен унинг бу ҳаракати учун ишга кеч қолишим керак?”, “Мен унинг албатта таъзирини беришим керак” ва бошқалар. Бу вазиятда “Инсон” қуйидаги хулосаларни тақдим этади: “Балки қандайдир фавқулодда ҳолат бўлиб шошилгандир,” “Эҳтимол шу яқин атрофда бўлса керак,” “Балки автомашинасида телефон рақамини қолдиргандир” ва бошқалар. Гувоҳи бўлганимиздай, битта вазиятга бир-биридан мутлоқо фарқ қилувчи икки хил муносабат акс этган. “Шимпанзе” кўпроқ деструктив муносабат тарафдори бўлса, “Инсон” эса кўпроқ конструктив фикр билдирмоқда.

Қандай қилиб ёки қайси усуллар ёрдамида “Шимпанзе”ни жиловлашимиз ва ҳар доим ақл ва мантиққа таяниб, соғлиғимиз ва асабларимизни асраган ҳолда, бир текис ҳаёт кечиришимиз мумкин деган табиий савол туғилади. С. Питерс ўз назариясида бу саволга ҳам жавоб топишга ҳаракат қилади. Ҳислар устунлик қилувчи “Шимпанзе” фақатгина яшаб қолишга интилса, “Инсон” ўз мақсадларига эришиш йўлида ҳаракат қилади. Шимпанзе ўз номи билан ҳайвон бўлгани учун ҳам инсондан жисмоний жиҳатдан кучли ва у билан тортишиш ва ирода кучи билан уни босиб туриш бефойдалигини таъкидлайди. Бунга энг яхши йўл сифатида у билан муроса қилиш ва янада аниқроғи унга “банан” таклиф қилиш орқали жиловлашга ҳаракат қилиш ёки “қафас”дан чиқармаслик каби чораларни қўллаш лозимлигини таъкидлайди. Масалан, айтайлик, мен компютерда беш дона хат ёзишим керак, лекин менга “Шимпанзе” бу ишимни тўхтатиб, қаҳва ичишим кераклигини таклиф қилмоқда. Уни қандай жиловлаш мумкин? С.Питерс у билан муроса қилиш ва кел биринчи шу хатларни ёзайлик кейин бемалол қаҳва ичамиз деган таклифни айтади. Айнан шу йўл орқали “Шимпанзе” биз ишимизни тугатгунга қадар тинчланиб туриши ва қайсидир маънода тезроқ тугатишимиз учун мотивация бўлиб хизмат қилишини таъкидлайди. Бунга кўплаб мисолларни келтириш мумкин, аммо ҳар бир ўқувчи ўзи тушунган ва англаган ҳолда ўзи учун тегишли мисолларни топгани ва мулоҳаза қилгани фойдалироқ.

“Шимпанзе парадокси”дан чиқарадиган бир қатор биз учун фойдали бўлган хулосалар бор. Булар биринчи навбатда биз яшаётган муҳит, ўзимизни устида доимий ишлашимиз ва ҳаётий тажрибаларимизнинг бизда туғма мавжуд бўлган “Шимпанзе” ва “Инсон” инстинктларига доимий таъсири натижасида бизни шахс сифатида шакллантиради ва ривожлантириб боради.

“Шимпанзе парадокси”дан олинадиган яна бир олтин қоида шундаки, биз инсонларга ва қайсидир вазиятга баҳо беришдан ва хулоса чиқаришдан олдин, албатта фактларга ва ҳақиқатларга асосланишимизга чақириқлар бор. Шу билан бирга, психолог фактлар ва ҳақиқатларни аниқлашда ҳушёрликка чақириб, улар миш-мишларга ва бошқа шахсларнинг фикр мулоҳазалрига таяниш кўп ҳолларда янглиш хулосалар чиқаришга сабаб бўлиши тўғрисида огоҳлантиради. Чунки, ақл идрок эгалари ҳисобланган инсонлар ҳар қандай ҳолда ҳам далиллар тўплаши ва ундан сўнгра хулоса чиқарса, шипанзелар эса аввал хулоса чиқариб, ундан сўнгра ўз хулосаларининг тўғрилигини қўллаб қувватлашга эришиш учун далиллар қидиришади!

Муроджон Мустафоев,
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети мустақил тадқиқотчиси

Киритилди: 15:40 26.12.2024. Ўқилди: 560 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!