КХДР Ракета қурилиши бош бошқармаси 24 декабр куни катта баландлик ва узоқ масофага мўлжалланган янги зенит ракеталарининг синов учиришини амалга оширди. Бу ҳақда Корея Марказий телеграф агентлиги хабар берди.
Синов жараёнини Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин шахсан кузатган ва синовлар муваффақиятли ўтгани муносабати билан ишлаб чиқувчиларни табриклаган.
Учириш Япон денгизи акваториясида бўлиб ўтган ва янги ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимининг тактик-техник хусусиятларини баҳолашга қаратилган илк синов бўлгани қайд этилган.
Ахборот агентлиги маълумотига кўра, ракеталар тахминан 200 километр масофадаги шартли ҳаво нишонларини муваффақиятли уриб туширган. Синовлар мамлакат ҳаво мудофааси тизимини ривожлантириш бўйича режалаштирилган ишлар доирасида ўтказилган.