Шимолий Корея Россияга 10 минг аскар юборди, дейди АҚШ.
Қўшма Штатлар Шимолий Корея Россияда машғулотлар ўтказиш учун 10 000 га яқин аскарини юборганини маълум қилди, бу дастлабки ҳисоб-китоблардан уч баравар кўп.
«Биз КХДР жами 10 мингга яқин аскарини Россия шарқида машғулотларга жўнатганига ишонамиз, бу келгуси бир неча ҳафта ичида Россия кучларини Украина яқинида кўпайтириши мумкин», деди Пентагон матбуот котиби ўринбосари Сабрина Сингх ОАВга.
Дастлаб Вашингтон Россиядаги Шимолий Корея қўшинлари сонини 3000 нафар деб ҳисоблаган эди.
Украина президенти Владимир Зеленский Шимолий Корея «тез орада» Россияга 12 минг аскарини жойлаштириши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган бўлса, АҚШ президенти Жо Байден буни «жуда хавфли» дея, ҳарбийларнинг жойлаштирилишини қоралади.