Баъзан ижтимоий тармоқларда очиқдан очиқ ёки яширин саҳифалар орқали шахснинг қадр-қимматини камситиш орқали ҳақорат қилиш ва уни шарманда қилишга қаратилган ҳолатларга дуч келамиз. Ваҳоланки, қонунчилигимизда ҳақорат қилганлик, шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситганлик ёки беодоблик билан қасддан таҳқирлаганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликлар белгиланган.
Амалдаги жавобгарликлар хусусида Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси Жавоҳир Эшонқулов қуйидагича тушунтириш берди:
– Ҳар бир шахс Конституция ва қонунларга риоя этиши, бошқаларнинг ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиши шарт. Бу ҳар бир фуқаронинг конституциявий бурчи ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 41-моддасига кўра, ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 140-моддасига мувофиқ, "Нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган тарзда, шу жумладан, оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириш орқали ҳақорат қилиш базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатдан уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилдан икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Умуман олганда, жамиятдаги муаммоларни фақат ҳуқуқий воситалар орқали ҳал қилиш лозим.