Инсоният миллионлаб қурбонлар эвазига эришган мувозанатини ҳақлигидан шубҳа қилмаётган йирик давлатлар ўз манфаатлари йўлида “ўйин қилаётган” бир вақтда, 15 та давлат ва 10 дан ортиқ халқаро ташкилот раҳбарлари жам бўладиган ШҲТнинг Самарқанд саммити муҳим хулосалар учун имкониятга айланиши кутилмоқда.
ШҲТ Ўзбекистон раислиги даврида, катта ёки кичиклигига қарамасдан, тенг ва манфаатли ҳамкорликдан манфаатдор бўлган дунёнинг ярмини жамлаб, кўплаб давлатлар учун ҳам жозибали ташкилотга айлангани эътироф этилмоқда.
Ушбу эътирофлар билан бирга, тинчимас уруш мафкурачилари томонидан Самарқанд саммити қарши коалицияни шакллантириши мумкинлиги ҳақидаги “башорат”лар пайдо бўлди.
Ўзбекистон Президентининг мақсади батафсил ёритилган, тинчлик ва барқарорлик, ўзаро манфаатли иқтисодий ва сиёсий устуворликларни Самарқанд руҳида умумлаштирган таклифларидан иборат Самарқанд саммити ҳақидаги мақоласи ўз вақтида эълон қилинди ва кўплаб тахминларга жавоб бўлди.
Дунё шиддат билан ўзгармоқда. Бугунги реаллик қанчалар мустаҳкам ва кучли бўлмасин, ҳеч ким якка ҳолда барқарор жамият қура олмаслигини кўрсатиб берди. Яқин тарихда шундай хомхаёл инсониятни иккита лагерга бўлган ва бир томонни тараққиётдан ортда қолиб кетишига олиб келганини дунё ҳамжамияти унутмаган.
Президент Ш.Мирзиёев халқларимиз яна бўлиниш ва тортишиш эмас, қитъалар, минтақалараро транспорт йўлакларини очиш, ўзаро манфаат келтирадиган савдо-иқтисодий муносабатларни кенгайтириш, тараққиёт йўлида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва маданиятлараро дўстона мулоқот талаб қилаётганини ёзмоқда.
Шу нуқтаи назардан, бир неча минг йиллик тарихида борлик ва йўқликдан садоқат ва хиёнатгача барчасини кўрган Самарқандда, унда мангу қўним топган, адолатга куч ишлатиш билан эришиб бўлмаслигини васият қилган Aмир Темур ватани Ўзбекистон заминида дунёда тинчлик ва барқарор тараққиёт руҳи тикланиши керак. Бутун дунё шунга умид қилмоқда.
Алишер Қодиров,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, “Миллий тикланиш" ДП МК раиси