Бугун 22 апрель, 2026 йил, чоршанба

O'ZB

Шавкат Мирзиёев хорижий делегациялар раҳбарлари билан бирга Ўзбекистон павильонини кўздан кечирди

Шавкат Мирзиёев хорижий делегациялар раҳбарлари билан бирга Ўзбекистон павильонини кўздан кечирди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистонга амалий ташрифи дастури доирасида 22 апрель куни Марказий Осиё мамлакатлари, Мўғулистон, Озарбайжон, Грузия ва Арманистон делегациялари раҳбарлари билан биргаликда Остона шаҳридаги “EXPO” халқаро кўргазмалар марказида ташкил этилган Минтақавий экологик саммит кўргазмасидаги миллий павильонларни бориб кўрди.

МЭС-2026 диққат марказида экологик сиёсатга комплекс ёндашувни акс эттирувчи саккизта устувор йўналиш турибди: иқлим ўзгаришига қарши курашиш, озиқ-овқат хавфсизлиги ва экотизимлар барқарорлигини таъминлаш, табиий хавф-хатарларга мослашиш ва иқтисодий барқарорликни ошириш, ҳаво ифлосланишини камайтириш ва чиқиндиларни самарали бошқариш, экологик мақсадларга эришиш механизмларини ривожлантириш, табиий ресурсларни барқарор бошқариш, адолатли ва инклюзив “яшил” ўтиш, экологик ҳамда рақамли компетенцияларни ривожлантириш. Саммит кун тартиби барқарор ривожланишнинг экологик ҳамда ижтимоий-иқтисодий жиҳатларини ҳам қамраб олган.

Шавкат Мирзиёев хорижий делегациялар раҳбарлари билан бирга Ўзбекистон павильонини кўздан кечирди

Тадбирда иштирок этаётган мамлакатларнинг миллий павильонларида уларнинг ушбу йўналишлардаги ютуқлари ва келгуси режалари намойиш этилмоқда.

Интерфаоллик ва мультимедиа элементларига эга кўргазма-тақдимот майдони шаклида барпо этилган Ўзбекистон павильони мамлакатимизнинг экология, иқлим ўзгариши ва Марказий Осиёнинг барқарор ривожланиши соҳаларидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишларини акс эттиради. Шунингдек, экспозиция Ўзбекистоннинг экология соҳасида минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшаётган ҳиссасини намоён этади.

Шавкат Мирзиёев хорижий делегациялар раҳбарлари билан бирга Ўзбекистон павильонини кўздан кечирди

Олий мартабали меҳмонларга экологик тараққиётнинг замонавий моделини шакллантиришга қаратилган асосий ташаббусларни ўз ичига олган экспозиция тақдим этилди. “Чиқиндисиз ҳудуд”, “Тоза ҳаво”, “Яшил макон”, “Экомаданият”, “Биомерос” ва “Экологик таълим” каби умуммиллий лойиҳалар шулар жумласидан.

Шавкат Мирзиёев хорижий делегациялар раҳбарлари билан бирга Ўзбекистон павильонини кўздан кечирди

Орол фожиаси оқибатларини бартараф этиш, шунингдек, халқаро ташкилотлар, энг аввало, БМТ тузилмалари билан ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Киритилди: Бугун 12:25. Ўқилди: 491 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!