Шавкат Мирзиёев Ўрта Чирчиқ туманида Тошкент — Самарқанд йўналишидаги янги автомобиль йўли қурилишига тамал тоши қўйиш маросимида иштирок этди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Президент Тошкент — Самарқанд йўналишидаги янги автомобиль йўли қурилишини мамлакатимиз транспорт инфратузилмасини ривожлантиришдаги навбатдаги улкан тарихий қадам, деб атади.
Сўнгги 10 йилда 78 трлн сўм ҳисобидан жами 128 минг километр йўлда қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди. Давлат раҳбари бугун соҳада том маънода янги давр бошланаётганини таъкидлади.
Қиймати қарийб $2,2 млрд бўлган олти полосали замонавий автомагистралнинг умумий узунлиги 282 километрни ташкил этади. Лойиҳа доирасида 92 та кўприк, 28 та йўл ўтказгич ва 60 та туннель типидаги ўтиш жойи қурилади.
Йўлга оғир ва юқори тезликда ҳаракатланадиган транспорт воситалари қатновига чидамли монолит бетон қоплама ётқизилади. Текис ҳудудларда соатига 150 километр тезликда ҳаракатланиш имкони яратилади, замонавий хавфсизлик ечимлари ва рақамли қулайликлар йўл-транспорт ҳодисаларини кескин камайтиради.
Янги магистраль ишга тушгач, Тошкентдан Самарқандга етиб бориш вақти 5 соатдан 2,5 соатга қисқаради. Йўл суткасига 60 мингдан 80 мингтагача транспорт воситасини ўтказади, юк ташиш таннархи эса 20−24% га пасайиши кутилмоқда.
Тошкент — Самарқанд янги автомобиль йўли ҳудудларда иқтисодий фаолликни янги босқичга кўтаради. Жаҳон банки таҳлилига кўра, бундай лойиҳаларга сарфланган ҳар бир доллар инвестиция иқтисодиётга 5 баробаргача қайтади.
Янги магистраль Тошкент шаҳри, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятлари ялпи ҳудудий маҳсулотининг 3% га кўпайишига туртки беради. Йўл ўтадиган аҳолиси 2 млндан зиёд 13 та туман учун минглаб иш ўринлари ва янги даромад манбалари пайдо бўлади.
Йўл бўйида логистика марказлари, омборлар, саноат ва агросаноат корхоналари, савдо-сервис, меҳмонхона ва туризм объектлари барпо этилади. Қурилишда маҳаллий хизматлар ва қурилиш материалларидан кенг фойдаланиш тадбиркорлар учун йирик буюртмалар ва янги ишлаб чиқариш қувватларини яратади.
Давлат раҳбари Хива-Урганч йўли қурилиши бошлангани, Тошкент-Андижон йўли бўйича халқаро тендер якунланиш арафасида экани, Тошкентни Бўстонлиқ билан боғлайдиган йўлни лойиҳалаш ишлари якунига етказилаётганини қайд этди.
«Биз бугун Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз беш йиллик тўйи арафасида мамлакатимиз келажаги, иқтисодий барқарорлиги ва халқимиз фаровонлиги учун яна бир мустаҳкам пойдевор қўймоқдамиз», — деди президент ва капсула қўйиб, янги автомагистраль қурилишини бошлаб берди.