Бугун 3 май, 2024 йил, жума

O'ZB

Шавкат Мирзиёев: "Фармон ва қарорлар чиқариб, имкониятлар яратилса ҳам натижа кўринмаяпти"

Шавкат Мирзиёев: "Фармон ва қарорлар чиқариб, имкониятлар яратилса ҳам натижа кўринмаяпти"

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида кеча, 9 ноябрь куни соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, ҳудудлар аҳолисини сифатли тиббий хизмат билан қамраб олиш, тиббиёт муассасалари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш борасидаги ислоҳотлар натижаларини таҳлил қилиш ва истиқболдаги устувор вазифаларни белгилашга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. 

Президент йиғилишда соҳа олдида турган қатор муаммоларга тўхталди. 

"Фармон ва қарорлар чиқарилиб, соҳага шунча имкониятлар яратилди, долзарб масалалар ҳал қилиб берилди. Лекин соғлиқни сақлаш тизимида кутилган натижалар кўринмаяпти. Айниқса, туманлар, чекка қишлоқлардаги аҳоли тиббий хизматдаги жиддий ва туб ўзгаришларни ўз ҳаётида сезаётгани йўқ", деди Шавкат Мирзиёев.

Жорий йилнинг ўтган даврида Президентнинг Виртуал қабулхонасига тиббиёт соҳасига доир 45 мингдан зиёд мурожаат келиб тушгани, бу соҳада ҳали муаммолар борлигини кўрсатиши қайд этилди. 

Масалан, бирламчи тиббий-санитария ёрдами тизими, туман марказий шифохоналарининг моддий-техника базаси ва малакали кадрлар билан таъминланиш даражаси талабга жавоб бермайди. Бунинг оқибатида ҳудудлардаги беморлар катта маблағ сарфлаб, Тошкент шаҳрига келишга ёки чет давлатларга боришга мажбур бўлмоқда.

Шу боис йиғилишда тиббиёт тизимидаги муаммоларни вақтида аниқлаш ва ҳал этиш, бунинг учун ҳудудлардаги ҳолатни тўлиқ қайта кўриб чиқиш, ўрганишларда қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникадан  марказий тиббиёт муассасаларигача қамраб олиш кераклиги таъкидланди. 

Тиббий хизмат кўрсатишда республика, вилоят, туман ва қишлоқ бўғинлари ўртасида боғлиқликни кучайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Бунда, аввало, маҳаллаларда профилактика ишлари ва тиббий кўриклар яхши ташкил этилиб, касалликларнинг олди олинади, зарур ҳолларда беморлар туман ва вилоят марказларига юборилади. Туман тиббиёт бирлашмалари эса касалларни имкон қадар ўзида даволаб, оғир беморларни вилоят ва республика муассасаларига йўналтиради. Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари эса ўз ихтисослиги бўйича ягона методик, технологик, даволаш ва профилактика сиёсатини амалга ошириб, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлайди.

Manba: qalampir.uz

 

Киритилди: 11:24 10.11.2018. Ўқилди: 2329 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!