Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти фаолиятини бошлаганидан бери биринчи марта Хитойнинг Тянцзин порт шаҳрида 31 август – 1 сентябр кунлари йирик саммит бўлиб ўтди. Саммит ишида 20 дан ортиқ мамлакатнинг давлат ва хукумат раҳбарлари, 10дан ортиқ халқаро ташкилот раҳбари иштирок этмоқда. ХХР раиси Си Цзинпин ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг 25-йиғилиши ва «ШҲТ плюс» учрашувига раҳбарлик қилди. Унинг дастурий нутқи иштирокчилар томонидан илиқ кутиб олинди.
Си Цзинпин ХХР раиси лавозимига сайланганидан бери ШҲТнинг барча саммитларида иштирок этиб келади. У ташкилот асосчиларидан бири бўлмиш Хитой раҳбари сифатида ШҲТнинг ривожланиши йўлида меҳнат қилмоқда.
ШҲТнинг сўнгги 12 та саммитида чиқиш қилган Си Цзинпин «Шанхай руҳи»нинг ўта муҳимлигига эътибор бериб келади. Унинг фикрича, «ташкилотнинг асосий қиймати ва умумий концепцияси сифатида «Шанхай руҳи» га доимий равишда риоя қилиш, уни глобал жараён ва ташкилотнинг ривожланишини ҳисобга олган ҳолда даврнинг янги мазмуни билан доимий равишда бойитиш муҳимдир».
2001 йил 15 июн куни Хитойнинг Шанхай шаҳрида Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Ўзбекистон, Тожикистон ва Хитой раҳбарлари иштирокида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотини тузиш тўғрисида Декларация қабул қилинди. Ҳужжатга ўзаро ишонч, манфаат, тенглик, маслаҳатлашувлар, маданиятларнинг хилма-хиллигига ҳурмат ва биргаликда ривожланиш истаги акс этган «Шанхай руҳи» ёзилган. «Шанхай руҳи» БМТ Низомида акс этган мақсадларга мос келади.
Сўнгги асрда кузатилаётган кенг қамровли ўзгаришлар жараёнида Си Цзинпин ШҲТнинг тараққиёти йўлида муҳим ташаббусларни илгари сурди.
2018 йилги Циндао саммитида Си Цзинпин халқаро муносабатларнинг янги турини қуриш ва ШҲТга янги тарихий миссияни юклашнинг асосий тушунчаларини умумлаштирган ҳолда ривожланиш, хавфсизлик, ҳамкорлик, цивилизация ва глобал бошқарув бўйича концепцияларни илгари сурди.
ШҲТ Давлат раҳбарлари Кенгашининг 2020 йилда бўлиб ўтган 20-йиғилишида Си Цзинпин ШҲТ инсоният ягона тақдири йўлида «Шанхай руҳини» умумий соғлиқ, умумий хавфсизлик, биргаликда ривожланиш ва маданий-гуманитар алмашинувлар манфаати учун ривожлантириш кераклигини таъкидлади. У ШҲТнинг 2024 йилда Остона шаҳрида бўлиб ўтган саммитида «Шанхай руҳи»га қатъий риоя қилишга, умумий уйимизга бирдамлик ва ишонч муҳитини яратишга, умумий уйимизни тинч ва хавфсиз, обод ва фаровон қилишга, яхши қўшничилик, дўстлик ва адолат йўлида умумий уй қуришга чақирди.
Си Цзинпин томонидан ШҲТнинг янада гўзал умумий уйини биргаликда қуриш бўйича таклифлари Хитойнинг бошқа давлатлар билан янада яхши келажак яратиш учун ҳамкорлик қилиш истагини давом эттираётганини ҳамда ШҲТ доирасидаги бирдамлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашини кўрсатади.
Тоғлар ва океанлар ҳамфикрларни ажратмайди. 2024 йилда бўлиб ўтган саммит доирасида биринчи марта «ШҲТ плюс» учрашуви бўлиб ўтди. Бу ўз навбатида ШҲТнинг жаҳонда нуфузи ортиб бораётганидан далолатдир. Аввалига «ШҲТ оиласи»да 6та мамлакат бор эди. Айни дамда ШҲТ уч қитъа — Осиё, Европа ва Африкадаги 26 та мамлакат (10 та аъзо, 2 та кузатувчи, 14 та мулоқот бўйича ҳамкор)ни қамраб олган ҳолда катта оилага айланди. ШҲТни географик қамрови ва аҳоли сони бўйича дунёдаги энг йирик интеграциялашган минтақавий ҳамкорлик ташкилоти десак тўғри бўлади. Унинг халқаро майдондаги таъсири, обрў ва нуфузи ўсишда давом этмоқда.
ШҲТнинг барча мамлакатлари олдида иқтисодий ўсиш ва модернизациялашга кўмаклашиш бўйича долзарб вазифалар турибди.Си Цзинпин томонидан илгари сурилган глобал ривожланиш ташаббусининг саккизта устувор йўналиши, яъни қашшоқликни камайтириш, озиқ-овқат хавфсизлиги, соғлиқни сақлаш, ривожланишни молиялаштириш, иқлим ўзгаришига жавоб бериш ва яшил ривожланиш, саноатлаштириш, рақамли иқтисодиёт ва ўзаро боғлиқлик бўйича ШҲТ доирасидаги ҳамкорлик кенг истиқболларга эга.
Тянцзин шаҳри «Ипак йўлининг иқтисодий белбоғи» ва «21 аср Денгиз Ипак йўли»нинг кесишган жойи ҳисобланади. 2024 йилда бу шаҳар билан ШҲТга аъзо мамлакатлар ўртасидаги импорт ва экспорт ҳажми 21,9 фоизга ошди. Статистик маълумотлапрга кўра 2024 йилда Хитой билан ШҲТга аъзо, кузатувчи ва ҳамкор мамлакатлар ўртасидаги савдо ҳажми рекорд даражага чиқди ва 890 млрд АҚШ долларни ташкил қилди. 2024 йилда Хитой мазкур мамлакатларга киритган инвестицияси 140 млрд АҚШ долларидан ошиб кетди.
Таҳлилчиларнинг фикрича, Си Цзинпин томонидан илгари сурилган «Ипак йўлининг Иқтисодий белбоғи» деб номланган ташаббус тарихий аҳамиятга эга. Чунки мазкур ташаббус ҳалқаро ҳамжамият томонидан илиқ кутиб олинди ва Евроосиёни глобаллаштириш жараёнида муҳим рол ўйнайди.
2025 йил апрелида «Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темир йўли қурилишининг бошланиши ҳам муҳим аҳамият ксб этади. Қурилиш ниҳоясига етгач, мазкур темир йўл учта мамлакат халқларига фойда келтиради ва минтақанинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига ҳисса қўшади. Чунки, бу темирйўли нафақат транспорт йўлаги, балки Шарқ ва Ғарбни боғловчи муҳим стратегик кўприкдир. Си Цзинпин таъкидлаганидек, «биргаликдаги ҳаракат ғалабага, умумий фикр эса муваффақиятга олиб боради».
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тянцзин шаҳрида бўлиб ўтаётган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисидаги нутқ сўзлар экан, жумладан шундай деди: «Конфуцийнинг “Ҳаётда ўз ўрнингни топишни хоҳлар экансан, бошқаларга ёрдам бер, муваффақиятга интилар экансан, бошқаларнинг ютуғига кўмак бер”, деган ҳикматли сўзлари ўзгача руҳда янграйди. Бу минг йиллик фалсафа ўзаро ҳурмат ва бир-бирини қўллаб-қувватлаш, ҳар бир аъзо давлат манфаатларини ҳисобга олиш тамойилларига асосланган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг бугунги миссиясига ҳамоҳангдир».
Си Цзинпин турли этник гуруҳлар, маданиятлар, динларни ўзида мужассам қилган ШҲТ қамраб олган минтақа кўплаб қадимий цивилизациялар юрти эканини таъкидлаб келади. Унинг фикрича, «Биз минтақанинг бой маданий хилма-хиллигини қимматбаҳо бойлик сифатида қадрлашимиз, цивилизациялар тўқнашуви ғоясини рад этишимиз ва очиқлик, инклюзивлик, маданиятлараро мулоқот ва бир-биримиздан тажриба олишни қўллаб-қувватлашимиз, шу билан барча халқларнинг мустаҳкам дўстлиги, умумий ривожланиши ва тараққиётига барқарор туртки беришимиз керак».
Цивилизация фақат алоқа ва алмашинув орқали бойитилади ҳамда ривожланади.
Си Цзинпин илк бор ШҲТ саммитида 2013 йилда қатнашган. У вақтда терроризм, сепаратизм, экстремизм, наркотиклар ноқонуний айланмаси ва трансмиллий уюшган жиноятчилик минтақа хавфсизлиги ва барқарорлигига таҳдид кўрсатарди. Ўша саммитда Хитой томони «Шанхай сиёсий-юридик университетида ШҲТ халқаро ҳуқуқий Кадрлар тайёрлаш ва ҳамкорлик маркази» ташкил этиш ташаббуси билан чиқди. Шу кунга қадар мазкур марказда онлайн ва офлайн форматида 90 дан ортиқ ўқув дарслари бўлиб ўтиб, унда 3 минга яқин хорижлик мутахассис сабоқ олди.
ШҲТ долзарб халқаро ва минтақавий муаммоларни фақат сиёсий йўл билан ҳал этиш тарафдори бўлиб келади. Ташкилот кўп томонлама савдо тизимини қатъий қўллаб-қувватлайди ва ҳарбий кучни суиистеъмол қилишни қатъий қоралайди.
Таҳлилчиларнинг фикрича, Си Цзинпин ШҲТ доирасида бир қатор ташаббусларни илгари суриш орқали янада адолатли ва кўп қутбли дунёни барпо этишга ҳисса қўшадиган «Шанхай руҳи»ни тарғиб қилишда муҳим рол ўйнайди.
«Минтақада тинчлик ва барқарорликни сақлаш, шунингдек, бир асрда ноаниқлик кучайиб бораётган ва мисли кўрилмаган ўзгаришлар тезлашаётган дунёда турли мамлакатларнинг ривожланиши ва гуллаб-яшнашига кўмаклашиш учун ШҲТ зиммасига янада катта масъулият тушади». Бу ҳақда 31 август куни ХХР раиси Си Цзинпин хорижлик меҳмонлар учун ташкил этилган зиёфатда баёнот берди. Хитой раҳбари барча томонларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан саммит тўлиқ муваффақият билан якунланишига, ШҲТ бундан ҳам муҳим рол ўйнашига, янада катта тараққиётга эришишига ва аъзо давлатларнинг ҳамжиҳатлиги ва ўзаро ҳамкорлигига, кучларни бирлаштиришга янада катта ҳисса қўшишига ишонч билдирди.